РАСМАН: Xiaomi ромсиз Redmi 5 ҳамда Redmi 5 Plus тақдимот санасини айтди

РАСМАН: Xiaomi ромсиз Redmi 5 ҳамда Redmi 5 Plus тақдимот санасини айтди

«Хитойча Apple» журналистларга 2017 йилнинг 7 декабрида бўлиб ўтадиган матбуот анжумани учун таклифнома тарқатмоқда. Мазкур тадбирда Redmi 5 ҳамда унинг «Plus» талқини тақдим этилиши кутилаётир. Таклифномани компания ўзининг Weibo тармоғидаги расмий аккаунти орқали эълон қилган.

Эълон қилинган расмлар тақдим этиладиган смартфонларнинг ромсиз дисплейли дизайнга эга эканлигини кўрсатади. Дастлабки маълумотларга кўра, Xiaomi Redmi 5 модели HD+ (1440 х 720 пикселли) тасвир аниқлигига эга бўлган дисплей билан жиҳозланади. Экраннинг ўлчами диагоналига 5,7 дюймга тенг, томонлари эса ўзаро 18:9 нисбатда. Корпуснинг орқа панелидан дактилоскопик датчик ўрин олган. Асосий камераси 12, олд камераси эса 5 мегапикселли модулга эга.

Қурилманинг «юраги» – саккиз ядроли Qualcomm Snapdragon 450 процессори. Унинг тезкор хотираси 2, 3 ёки 4 гигабайт, ички хотираси эса 16, 32 ёки 64 гигабайт ҳажмга эга. Шунингдек, 128 гигабайтгача ҳажмли microSD форматли хотира картасини қўйиш имкони бор. Аккумулятор сиғими 3200 мА/соатга тенг.

ЎҚИНГ: Xiaomi Redmi 5 моделлари интернет дўконида пайдо бўлди

Смартфонда иккита SIM-картани ишлатиш мумкин, 4G VoLTE, Wi-Fi (802.11 ac), Bluetooth 4.2, GPS ва ГЛОНАСС интерфейслари мавжуд.

Xiaomi Redmi 5 ҳамда Redmi 5 Plus моделлари қора, пушти-тилларанг, тилларанг, оқ, мовий, қизил, кул ранг ва кумушранг вариантларда ишлаб чиқарилади.

Маълумотларга кўра, қурилма Android 7.1.2 Nougat базасидаги MIUI 8.5 талқини бошқаруви остида ишлайди. Xiaomi бу янги моделига нега охирги MIUI 9 қобиғини ўрнатмагани ҳам тушунарсиз бўлиб қолаётир.

ЎҚИНГ: MIUI 9’гача расман янгиланадиган Xiaomi смартфонлари рўйхати

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.