Расмий хабар: 8-авлод чипига эга ноутбук тақдим қилинди

Расмий хабар: 8-авлод чипига эга ноутбук тақдим қилинди

Яқиндагина Intel компанияси Intel Core процессорлар оиласининг 8-авлодини тақдим қилган эди. Мазкур процессорлар мобил гаджетларга мўлжалланган бўлиб, 2 таси 1 да тамойили асосида яратилган гибрид, юпқа ва енгил ноутбукларда фойдаланилади. Intel'нинг тасдиқлашича, 8-авлод Intel Core процессорлари (U-series) компаниянинг энг тезкор платформалари бўлиб, уларнинг ишлаш самарадорлиги 7-авлод чипларига қараганда 40 фоизга юқори.

Хитойнинг Lenovo компанияси IFA 2017 кўргазмаси доирасида 3 та янги гибрид ноутбук моделларини, жумладан  8-авлод Intel Core процессорида ишлайдиган 1 та моделни намойиш қилди. Улардан 2 таси  Yoga, биттаси Miix туркумига мансуб.Lenovo Yoga 920 гибрид ноутбуки 13,9 дюймли, Full HD ёки 4K сиғимли, шунингдек сенсорли IPS дисплейга эга бўлган. Унинг экрани ва клавиатура панели 360 градусга букланади.

Lenovo Yoga 920 экрани Lenovo Active Pen 2 стилус-қаламчасини қўллаб-қувватлайди. Гаджетда 8-авлод Intel Core i7 процессори, 8 ёки (талқинидан келиб чиқиб) 16 ГБ оператив, шунингдек 256 гигабайтдан 1 терабайтгача доимий хотира мавжуд.

Lenovo Yoga 920'га JBL динамиклари, 2 та USB-C (Thunderbolt ва DisplayPort) портлари, 1 та USB 3.0 порти, HD веб-камера ўрнатилган.

Гаджет тўлиқ қуввати 15,5 соатга (Full HD экранда),  4K экранда эса 10,8 соатга етади. Ноутбук 1,37 кг тош босади. Аппарат Windows 10 Home операцион тизимида ишлайди. Бу гаджет $1,330 АҚШ доллари баҳосида сотувга чиқарилади.

Lenovo Yoga 720 модели бир оз ихчам: 12,5 дюймли Full HD дисплей, 7-авлод Intel Core чипи, 4/12 ГБ оператив хотира, 128/512 ГБ доимий хотира, 8 соатга етадиган аккумулятор.