Расмий хабар: бенчмарклар янги iPhone'ларнинг процессорига баҳо беришди

Расмий хабар: бенчмарклар янги iPhone'ларнинг процессорига баҳо беришди

Очиқчасига айтиш керакки, iPhone самарадор платформа бўйича эталонга айланиб бўлган девайс. Бироқ, инновация борасида андроид ишлаб чиқарувчилари пешқадам. Бу мавзуни узоқ ва тўхтовсиз муҳокама қилиш мумкин. Айниқса, янги iPhone'да бирор бир "инқилобий" ёки тайинди илғор жиҳатнинг йўқлигини Android мухлислари аллақачон баралла айтиб улгуришди. Бироқ, силлиқ ва равон ишлайдиган тизим яратишда ҳозирча Apple'нинг олдига тушадигани йўқ. A11 чипига эга янги айфонлар бу борада яна пешқадамликни қўлга киритишди.

Apple iPhone 8, iPhone 8 Plus ва iPhone X'даги 6 ядроли Apple A11 Bionic расман GeekBench синов ресурсида имтиҳондан ўтди. Унга кўра, бу чип бир ядрода ишлаш бўйича 4141 балл, бир вақтнинг ўзида бир нечта ядрода ишлашда 10 438 балл тўплаган.

Бу борада iPhone 8 ва iPhone X'га яқин турган рақиб ҳамда андроид смартфонлар етакчиси – бу Samsung Galaxy S8 флагмани. У Exynos 8895 процессорига эга бўлган. Бу чип бир ядроли ишлашда 1900 балл ҳамда кўп, яъни ўзидаги 8 ядрода ишлашда 6500 балл тўплаган. Фарқ -- сезиларли даражада.

Мобил алоқа воситалари платформасининг самарадорлигини баҳолайдиган AnTuTu бенчмарки ҳам расман A11 Bionic процессори базасидаги iPhone смартфонларининг имтиҳонда қанча балл тўплаганини маълум қилди.

Очиғи, бу натижалар ҳам таассуротли. Унга кўра A11 Bionic чипсети 226 058 балл тўплаган! Бу мазкур бенчмаркда Android-қурилмалари орасида энг самарали ишлайдиган, деб топилган OnePlus 5'нинг натижасидан деярли 25% юқори.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.