Расмий хабар: Galaxy S9 ва S9+ тақдим қилинди

Расмий хабар: Galaxy S9 ва S9+ тақдим қилинди

Барселона – Samsung компанияси ҳозиргина Samsung Galaxy S9 ва S9+ флагманларини тақдим қилди. Смартфонлар энг яхши камера, сунъий ақл технологиясига ҳамда кучли ҳимояланган тизимга эга бўлгани билан аввалги флагманлардан ажралиб туради.

2018 йилнинг эгизак флагманлари бир-бирларидан ўлчамлари, камералари ҳамда хотира сиғимлари билан ажралиб турадилар. Samsung Galaxy S9+ модели 6 гигабайтли тезкор хотирага эга бўлган бўлса, Galaxy S9 — 4 гигабайтли тезкор хотира билан таъминланган. Galaxy S9+ бош камераси эса қўш экани билан ўзига хос: 12+12 Мп; Galaxy S9 — бир дона, 12 мегапикселли камера моделига эга бўлган.

Процессор

Корпуси металл ва шиша уйғунлигида тайёрланган Samsung Galaxy S9 ҳамда Galaxy S9+ маълумотларни 10 нанометрли техник жараёнда қайта ишлайдиган Qualcomm Snapdragon 845 чипида ишлайдиган жаҳондаги илк ва ҳозирча ягона смартфонлардир. АҚШ дан ташқари барча ҳудудларга Snapdragon 845 билан бир хил салоҳиятли Exynos 9810 чипига эга смартфонлар етказиб берилади.

Доимий хотира сиғими 64, 128 ёки 256 гигабайт. microSD бўлмачаси орқали хотирани 400 гигабайтгача катталаштириш мумкин.

Дисплей ўлчами — 5,8- ҳамда 6,2 дюймли, ромдан холи бўлган Super AMOLED экранлар ён томонга қайрилган дизайнда ишлаб чиқарилган ва уларнинг сиғими Quad HD+ (2960 × 1440 пикселли). Олд камералар учун 8 мегапикселли модул танланган.

Гарчи, мазкур мобил алоқа воситалари ҳажми ва ўлчамига кўра, Galaxy S8 ҳамда S8+ моделларини эслатиб юборса ҳам, янги девайслар экрани ёрқин ва озгина йирик ўлчамда ишланган. Шу билан бирга, улардаги камералар янада такомиллашиб, смартфонлар AKG брендининг илғор стерео динамикларига эга бўлишган.

Galaxy S9 ва Galaxy S9+ учун ток сиғими 3000 ва 3500 мА соат бўлган аккумуляторлар танланган. Улар тезкор қувват оладилар. Android 8.0 Oreo тизимида ишлайдиган флагманлар учун бундай электр сиғими айни муддао.

Смарфтонлар LTE , Wi-Fi (802.11 a/b/g/n/ac), Bluetooth 5.0, ANT+, NFC, GPS+ГЛОНАСС каби тармоқларда ишлайди.

Ўлчамлари: 147,7 x 68,7 x 8,5 мм ҳамда 158,1 x 73,8 x 8,5 мм; Вазн — 163 ва 189 грамм.

Қолаверса, флагманларда жорий қилинган AR-эможи функцияси фойдаланувчининг қиёфасидан келиб чиқиб шахсий эможиларни яратиш имконини беради. Шу билан бирга, флагманлардаги бош камера секундига 960 кадрдан иборат секинлаштирилган видеони муҳрлаш қобилиятига эга.

Бошқа Samsung Galaxy телефонлари каби, S9 моделлари ҳам чангдан ҳимояланган корпусга эга бўлган. Янги смартфонлар ниҳоясиз дисплей, симсиз қувват олиш технологияси билан ҳам ўзига хос.

Маълум қилинишча, Samsung Galaxy S9 ва S9+ флагманларида татбиқ қилинган юз-қиёфани текшириш сканери ишлаши ва хавфсизлигига кўра iPhone X смартфонида жорий қилинган сканердан анча илғор.

Камера технологияси

Samsung Galaxy S9 модели Galaxy S8 билан таққослаганда "инқилобий" бирор жиҳатга эга бўлмаган. Бироқ, ундаги камера технологияси диққатга сазовор.

Мисол учун, янги флагманлар камерасида жонли видеолар узатишда овоз сифати тубдан яхшиланган.

Янги камерада ёруғлик даражаси паст бўлса ҳам ёрқин суратлар олиш мумкин. Смартфондаги қўш апертура инсон кўзи каби ишлайди: яъни ёруғлик ёки қоронғуликка тез мослашади. Камера ёруғлик миқдоридан келиб чиқиб ўзидаги ёруғлик тақсимотига масъул диафрагмани F2.4 дан F1.5 ўлчамигача созлаши мумкин. Натижада, суратлар аниқ ва ранглар ўртасидаги кескинлик юқори бўлади.

Камера бир сонияда 12 та кадрни суратга олиб, уларни яхлит ҳолатга келтиради ва сифатли суратни тақдим этади.

Секинлаштирилган видеода олинган тасвирлар анъанавий видеога қараганда 32 марта секин акс этади.

AR-эможи технологияси

iOS операцион тизимида Animoji функцияси тақдим этилгач, Samsung бундан илҳом олиб AR-эможи, яъни сунъий воқелик эможиларини яратиш технологиясини ишлаб чиққан. Натижада, олд камера фойдаланувчининг кайфиятини ўзининг қиёфасига яқин бўлган аксда ифодалаб беради. Бу қиёфаларнинг кийими ва бошқа жиҳатларини ўзгартириш мумкин.

S9 камераси белгиларни таржима қилиш ва бумлар ҳақида маълумот бериш функциясига ҳам эга бўлган. Сиз камерани бирор буюмга қаратсангиз, смартфон сизга уни таржима қилиб беради. Ҳозирча камера Google Translate оқрали 54 та тилга таржима қила олади.

 

Facial recognition - қиёфани таниш

Samsung аввал ҳам, биринчи бўлиб Galaxy смартфонларига қиёфани таниш сканерини татбиқ қилган бўлса ҳам, iPhone X’дан сўнг бу технологияни ривожлантиришдаги рақобат янада кучайди.

"Сунъий ақл"га асосланган қиёфа ва кўзнинг рангдор пардасини ёки бармоқ изини сканерлаш тизими смартфон тизимини кучли ҳимоя билан таъминлайди.

Нарх-наво 

Смартфонлар қора, кўк, сиёҳ ранг ва кулранг корпусларда ишлаб чиқарилади.

Смартфонларга 2 мартдан бошлаб буюртма бериш мумкин. Улар 16 мартдан бошлаб сотувга чиқарилади. S9 модели $720 ҳамда S9+ $840 доллар баҳосида сотилади.

 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!