Razer бақувват «геймер-смартфон» тайёрлаяпти

  •   DiMaX
  •  1268
  •  10.10.2017 11:50

Razer бақувват «геймер-смартфон» тайёрлаяпти

Razer компаниясининг вице-президенти ҳамда мобил бўлинмаси раҳбари Том Мосс чўнтагидаги смартфон сурати интернет тармоқларида тарқалмоқда. Қурилманинг орқасида геймерларга қадрдон бўлиб қолган яшил логотип мавжуд, дея хабар бермоқда GizChina нашри.

Razerни «танийсиз»ми?

Айтиш керакки, Razer – профессионел ўйин тизимлари ҳамда жиҳозлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи компаниядир. Унинг маҳсулотлари орасида ўйин тизимлари, компьютерда ўйинлар ўйнашга мослаштирилган бақувват клавиатура, сичқонча ва унинг гиламчаси, қулоқчин, жойстик, ноутбук кабилар бор.

Яқинда эса, Razer ўйинларга мослаштирилган смартфон ҳам ишлаб чиқаришга тайёрланаётганлиги хусусида маълумотлар пайдо бўлди. У ҳозирча Android Razer Edition ёки Razer Phone деб номланмоқда. Табиийки, қурилманинг корпуси материали ҳам, ички қисмлари ҳам, дастурий таъминоти ҳам геймерлар талабига жавоб бера оладиган даражада бақувват бўлиши керак.

Камераси чаккимас...

Юқорида таъкидланган – орқасида компания логотипи туширилган чўнтакдаги смартфон расмидан ташқари, компания бош директори Мин-Лян Тан яна Razer Phone’да суратга олинган бир неча тасвирларни ҳам эълон қилган. Унга қараганда, қурилманинг 12 мегапикселли модули ўз рақобатчиларидан қолишмайдиган даражада тасвирга ола билади.

Мана, ўзингиз баҳо беринг-да:

 

Бенчмаркда баҳоланган

Аввалроқ бу гаджет GFXBench бенчмаркининг маълумотлар базасида кўриниш берган. Мана, унинг хусусиятлари қуйида акс эттирилган:

Илғор «геймфон»!

Хулласи калом, ўйинларга мослаштирилган Razer Phone «геймфон»и диагонали 5,7 дюймлик, 2560х1440 пикселли экранга эга. Унга саккиз ядроли илғор Snapdragon 835 процессори ва нақ 8 гигабайтлик тезкор хотира ўрнатилган.

Ушбу девайс Android Razer Edition деб ҳам номланаётган махсус қобиқдаги Android 7.1.1 Nougat талқини бошқаруви остида ишлайди.

Геймерлар учун смартфон – Razer Phone шу йилнинг охирида тақдим этилиши кутилаётир.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!