Razer Phone: геймерлар смартфонининг барча хусусиятлари тақдимотдан бир кун аввал фош бўлди

Razer Phone: геймерлар смартфонининг барча хусусиятлари тақдимотдан бир кун аввал фош бўлди

Razer компанияси тайёрлаётган сирли смартфоннинг хусусиятлари унинг тақдимотига бир кунгина вақт қолганида интернетга чиқиб кетди. Бу ҳақда Android Police нашри маълумот тарқатган.

Виртуал ўйинлар ишқибозларига яхши таниш бўлган Razer компанияси энди смартфон ҳам тайёрлаётгани ҳақидаги илк хабарлар яқиндагина пайдо бўлган эди. Мазкур компания 1 ноябрга «катта тақдимот» белгилагани ҳақида ҳам ёзганмиз.

Энди эса, Буюк Британиядаги уяли алоқа операторларидан бири тасодифан Razer Phone деб аталувчи ушбу девайс хусусиятларини ошкор этиб қўйди.

Razer Phone смартфонининг асосий хусусиятлари:

  • Дисплей: 5,72 дюймли, 2560x1440 пикселли;
  • Процессор: Snapdragon 835;
  • Хотира: 8 ГБ тезкор ва 64 ГБ ички;
  • Камера: асосийси – 4K видеотасвир олувчи, f/1.75 апертурали, 12 мегапикселли; олд камера – f/2.6 апертурали, 13 мегапикселли;
  • Аккумулятор: Qualcomm Quick Charge 4.0+ технологиясига эга, 4000 мА/соат сиғимли;
  • Операцион тизим: Android 7.1.1 Nougat.

Шунингдек, мазкур гаджет Dolby ATMOS технологияли, THX-сертификатига эга қўшалоқ олд динамиклари билан ҳам ажралиб туради. «4G Super-Voice» деб аталувчи қандайдир янгича хусусият ҳам кўрсатилган, афтидан, у «ўлик» 4G ҳудудлари пайдо бўлишининг олдини оладиган аллақандай технология бўлса керак. Расмга кўра, смартфон «соф» Android тизимида ишлайди.

GFXBench бенчмаркининг маълумотлар базасида кўринган Razer Phone’нинг айрим хусусиятлари ҳақида мана бу мақоламизда ёзганмиз ва мазкур «геймфон»нинг камерасида олинган суратларни ҳам чоп этганмиз.

Эртага – 1 ноябрда намойиш этиладиган бу смартфоннинг нархи ҳозирча маълум эмас.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.