Redmi 5 Plus ва Redmi Note 5 – Xiaomi’нинг илк ҳамёнбоп «қўшкўз ромсиз»лари

Redmi 5 Plus ва Redmi Note 5 – Xiaomi’нинг илк ҳамёнбоп «қўшкўз ромсиз»лари

Интернетда Xiaomi компаниясининг ҳали тақдим этилмаган Redmi Note 5 ҳамда Redmi 5 Plus моделларининг ҳақиқий суратлари тарқалди. Шунингдек, уларнинг айрим хусусиятлари ҳам маълум бўлди, деб ёзади GizmoChina.

Бу иккала смартфонга ҳам юпқа ромга эга, томонларининг ўзаро нисбати эса 18:9 бўлган дисплей ўрнатилади. Ромсиз экранларидан ташқари, бу қурилмалар яна қўшалоқ модулли камералари билан ҳам эътиборга лойиқ. Айни шу икки хусусият Xiaomi’нинг фақат нисбатан қимматбаҳо смартфонларидагина учрар эди. Энди эса, Redmi туркумининг бешинчи авлодида ўзгаришлар катта бўладиган кўринади.

Айтиш керакки, Redmi Note 5 ва унинг хоссалари ҳақидаги илк маълумотлар шу йилнинг июль ойи бошида чиққан эди. Кейинроқ эса унинг тақдимотга тайёр экани айтилиб, смартфоннинг ва қутиларининг суратлари ҳам тарқатилган. Сўнгра унинг бошқа рендерлари пайдо бўлгани, шунингдек, Xiaomi ходими тасодифан бу янги смартфонни «сотиб қўйгани» хусусида ҳам хабар берганмиз.

Унинг кўриниши қуйидагича бўлиши тахмин қилинаётир:

Шуниси ҳам борки, Xiaomi Redmi Note 5 ва Redmi 5 Plus моделлари ташқи жиҳатидан ўзаро ўхшаш бўлади. Хабар қилинишича, Redmi 5 Plus диагонали 5,7 дюймли, 1440х720 пикселли дисплей билан жиҳозланади.

Мана, Redmi 5 Plus тахминан шунақа қиёфага эга:

Redmi 5 Plus, шунингдек, саккиз ядроли Snapdragon 450 чипи, қўш объективли 13 мегапикселли камера билан ҳам ўзига хосдир. У Quick Charge 3.0 тезкор қувватлаш технологиясини қўллаб-қувватлаши эса Xiaomi’нинг яна бир ютуғидир. Унинг айрим хусусиятлари қуйида кўрсатилган:

Айрим маълумотларга кўра, оддий Redmi 5 смартфонига, доимий хотирасининг ҳажмига қараб, 105 ёки 135 АҚШ доллари миқдорида нарх белгиланса, Redmi 5 Plus моделининг нархи 150 доллардан бошланади.

Бу янги девайсларнинг қачон тақдим этилиши ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.