Redmi Pro 2: Xiaomi'нинг янги "ҳамёнбопи"ни қарши оламиз

Redmi Pro 2: Xiaomi'нинг янги

Янги смартфон моделларни тақдим қилишда жорий йилдаги мутлоқ пешқадам Xiaomi ҳозирча бу мавсумга тайёр қилган барча мобил алоқа воситаларини намойиш этиб улгургани йўқ. Шу кунларда Redmi смартфонлар оиласида янгилик бўлиши кутилмоқда. Xiaomi кейинги ойда смартфон бозорига ҳамёнбоп Xiaomi Redmi Pro 2 девайсини олиб кириш режасида.

Snapdragon 660, яъни яқиндагина тақдим қилинган Xiaomi Mi Note 3 "ақлли телефон"ига ўрнатилган платформа кутилаётган гаджетнинг бош ўзига хослиги бўлади.

Ваъда қилинишича, металл корпусли Redmi Pro 2 ҳам муҳандислик, ҳам дизайнерлик ютуқларига бой бўлади, аниқроғи — ромсиз дисплей билан таъминланади.

Смартфондаги 6 дюймли экран матрицасининг томонлар нисбати ҳам бугунги талаб асосида 18:9 см.га тенг бўлади.

Xiaomi Redmi Pro 2'га 4 Гб "оператив" ва 64/128 Гб доимий хотира, 8 Мп олд камера, 4000 мА соат ток сиғимига ҳамда тезкор қувват олиш технологисига эга аккумулятор ўрнатилади.

Албатта, қўш сенсорли оош камера энди арзон смартфонлар учун ҳам одатий технологик ечим! Ҳар бири 12 мегапикселли сенсорлар кучли мобил фотография имкониятларини намойиш қилади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати Xiaomi бу қизиқарли гаджет учун $150 доллар сўраш режасида. Бу нарх билан Xiaomi Redmi Pro 2'нинг бозорда тез оммалашувига шубҳа йўқ.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.