Рекорд: кундалик WhatsApp фойдаланувчилари сони "чўққиси"га етди

Рекорд: кундалик WhatsApp фойдаланувчилари сони

Ахборот-маълумот алмашишга мўлжалланган жаҳоннинг таниқли WhatsApp мессенжери 27 июлда  кундалик фаол аудиторияси сони 1 миллиард нафар  фойдаланувчига етганини маълум қилди. Шунингдек, компания иловадан фойдаланишга оид бошқа статистик маълумотларни ҳам эълон қилди.

Рекорд!

2016 йилда WhatsApp иловаси ойлик 1 миллиард нафар фаол фойдаланувчига эга эканлигини маълум қилган эди. Энди WhatsApp'нинг 1 кунлик фаол фойдаланувчилари сони 1,3 миллиард нафарга етди.

Янада батафсил кўрсаткичлар

WhatsApp 1 миллиард кунлик фаол фойдаланувчилари сони билан бирга, бу фойдаланувчилар ҳар куни 55 миллиард хат-хабар, 4.5 миллиард фотосурат, 1 миллиард видеоролик алмашаётганликларини ҳам маълум қилган. 

Мессенжер жаҳоннинг 60 та тилини қўллаб-қувватлайди.

Facebook ва бошқалар

Қиёслаш учун айтамиз, жорий йилнинг июнида Facebook ойлик фаол фойдаланувчилари аудиторияси 2 миллиард нафарга етганини эълон қилган эди. Жорий йилнинг апрел ҳолатида эса, Facebook Messenger иловасининг ойлик фаол фойдаланувчилари сони 1,2 миллиард нафарга етган. Июнда эса Instagram иловаси 250 миллион нафар кунлик фаол фойдаланувчиларга эгалигини маълум қилган. Жаҳоннинг яна бир таниқли мессенжери Snapchat эса май ойи ҳолатида 166 миллион нафар фаол фойдаланувчиларга эга.

Шунингдек, МДҲ ҳудудида нисбатан оммалашган «В контакте» тармоғининг мессенжерининг фаол фойдаланувчилари 42,3 млн нафарга етади.

Telegram мессенжерининг ойлик фаол фойдаланувчилари сони айни пайтда 100 миллиондан ошган. 2017 йилнинг март ойи ҳолатида Ўзбекистондаги интернет фойдаланувчиларининг 16,2 фоизи Telegram’дан мунтазам фойдаланади. 2017 йилнинг 1 апрел ҳолатида Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 14.7 миллион нафарни ташкил қилади.