Ромсиз Mate 10 Pro камераси ҳам iPhone X ва LG V30’дан қолишмайди

Ромсиз Mate 10 Pro камераси ҳам iPhone X ва LG V30’дан қолишмайди

Huawei’нинг янги авлод флагманлари – Mate 10 туркуми смартфонлари тақдим этилишига икки ҳафта вақт бор. Аммо интернетда аллақачон уларнинг сир тутилган хусусиятлари ҳақида айрим маълумотлар тарқала бошлаган.

Аввало, машҳур инсайдер Эван Бласс ўзининг Twitter-аккаунтида Mate 10 Pro моделининг илк сифатли суратини эълон қилди. Унга кўра, қурилма ромсиз экранга ҳамда Leica билан ҳамкорликда ишланган қўшалоқ камерага эга бўлади.

Шунингдек, тасдиқланган маълумотга кўра, мазкур смартфон асосий камерасининг ҳар иккала модули ҳам, худди LG V30’ники каби, f/1,6 ёруғлик кучига эга объектив билан жиҳозланган. Камеранинг ўзи эса, худди фотостудиядаги каби суратга олишнинг 14 та сценарийсини қўллаб-қувватлайди. Бу худди iOS 11 тизим талқинидаги Portrait Lighting функциясининг аналогидир.

Булардан ташқари, интернетда Huawei’нинг янги смартфонлари хусусида промо-материаллар ҳам тарқалди. Улардан янги қурилмалар тўғрисида бир қанча қизиқ фактларни билиб олиш мумкин. Жумладан, Mate 10 ҳамда Mate 10 Pro моделларига ўрнатиладиган янгича, саккиз ядроли Kirin 970 процессорида машина таълими учун алоҳида блок ажратилган. Huawei бу гаджетларини «Бу сизга смартфон эмас», дея мақтанганида назарда тутганидек, девайслардаги процессорнинг ишлар принципи инсон миясининг ишлаш тамойилларига ўхшашдир.

Смартфонларнинг аккумулятор сиғими 4 000 мА/соатни ташкил этади ва у тезкор қувватлаш технологиясини қўллаб-қувватлайди. Мазкур технология ҳам Huawei’нинг ўзи томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, нейрон тармоқлари базасида ишлайди.

Huawei Mate 10 ҳамда Mate 10 Pro смартфонларининг тақдимоти 16 октябрь куни бўлиб ўтади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.