Ромсиз Oukitel K10 энг сиғимдор – нақ 11000 мА/соатлик аккумуляторга эга! (+видео)

  •   DiMaX
  •  2723
  •  12.12.2017 13:10

Ромсиз Oukitel K10 энг сиғимдор – нақ 11000 мА/соатлик аккумуляторга эга! (+видео)

Хитойнинг Oukitel компанияси ўзининг янги смартфони – K10 модели ҳақида хабар берди. У замонавий тренддаги ромсиз экранидан ташқари, ҳозиргача маълум бўлган смартфонлар ичида энг катта сиғимли – 11000 мА/соатлик батареяси билан ҳам диққатга сазовор, деб ёзади Ferra нашри.

Айтиш керакки, ундан олдинги рекорд аккумуляторли смартфон ҳам айни шу компания маҳсулотидир.

ЎҚИНГ: Аккумулятор борасида «қирол» смартфон савдога чиқди

Юқоридагилардан ташқари, Oukitel K10 ўзининг ҳашамдор ташқи қиёфаси билан ҳам мақтанса арзийди. Девайснинг ромсиз экрани олд панелни деярли бутунлай эгаллаб олган. Корпусининг орқа панелига ҳақиқий чарм қопланган, роми эса магний қотишмасидан ишланган.

Oukitel K10 диагонали 6 дюймлик экранга эга, трендга мос тарзда, унинг томонлари ҳам ўзаро 18:9 нисбатда. Дисплейнинг тасвир аниқлиги Full HD+ форматида (2160х1080 пикселли).

Смартфоннинг аппарат қисмига келсак, унинг ишлаш самарадорлиги учун MediaTek Helio P23 (MT6763) процессори ҳамда 6 гигабайтлик тезкор хотира масъул. Гаджетнинг ички флеш-хотираси ҳам яхши – 64 гигабайт ҳажмга эга. Қурилма Android 7.1 Nougat операцион тизим талқини бошқаруви остида ишлайди.

Мана, қуйидаги махсус видеолавҳада бу гаджет билан яқиндан танишишингиз мумкин:

Oukitel K10 келаси йилнинг бошида расман намойиш этилиши кутилаётир. Тақдимотнинг аниқ санаси, шунингдек, смартфоннинг нархи ҳозирча маълум эмас. Бу борада янгиликлардан бохабар бўлиш учун биздан узоқлашманг!

ЎҚИНГ: Oukitel'нинг Ўзбекистондаги ҳамёнбоп ва замонавий смартфонлари