Роскомнадзор видеолуқмаси: Telegram 9 октябрдан ёпилади!

  •   DiMaX
  •  2953
  •  07.10.2017 10:42

Роскомнадзор видеолуқмаси: Telegram 9 октябрдан ёпилади!

Россиянинг Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар соҳаси назорати бўйича федерал хизмати – Роскомнадзор мамлакатда 9 октябрдан Telegram мессенжери ёпилишига шама қилди. У бу ҳақдаги видеороликни ўзининг Twitter ҳамда Вконтакте тармоқларидаги расмий аккаунти орқали эълон қилган.

Ушбу постда қуйидаги ёзув битилган: «Бу кимгадир ёқмаслигини биз биламиз. Шунинг учун бу ҳақда болалардан билиб олганингиз яхшироқ». Постдаги видеолавҳада болалар гапириб тургани тасвирланган турли мемлар кетма-кет қўйилади. Шулар орасида 404-хатолик ҳақидаги сурат кўрсатилади ва охирида битта бола якуний сўзни айтади: «Қочинглар, имконингиз борида қочиб қолинглар». Ортидан бунга бироз аниқлик киритувчи қуйидаги матн ёзилган: «Роскомнадзор расмий ҳамжамиятида 09.10.2017 санасини кутинг. Жудаям оз вақт қолди».

Роскомнадзор бу билан нима демоқчи эканлиги аниқ эмас. Бироқ энг ҳақиқатга яқин версия шуки, 9 октябрь куни Россия ҳудудида Telegram мессенжери блокланади.

Эслатиб ўтамиз, Роскомнадзор Telegram жамоасини ва шахсан унинг асосчиси Павел Дуровни мамлакат қонунчилиги талабларини бажаришга ва тегишли реестрга киритиш учун маълумотларни тақдим этишга бир неча марта чақирган. Рад этиш ҳолатида мессенжерни блоклаш билан таҳдид қилган. Эронда эса, «ИШИДчилар Telegram’дан фойдалангани учун» ҳукумат Дуровга қарши жиноий иш очган. Дуров бўлса, Россия ва Эрон ҳукуматларининг талаблари ҳақида фикр билдираётиб, ўз компаниясига босим ўтказишга уринган мамлакатларда бизнесини тугатишга тайёр эканини маълум қилган.

Нима бўлганда ҳам, Роскомнадзорнинг ушбу видеолуқмасида назарда тутилган санага жуда оз вақт қолди. Мазкур воқеалардан биринчилар қаторида хабар топиш учун биздан узоқлашманг.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.