Россия бозорида бу iPhone Galaxy'лардан бирини "ер тишлатди"

Россия бозорида бу iPhone Galaxy'лардан бирини

Россия оммавий ахборот воситаларининг смартфон савдоси билан шуғулланувчи ритейлерларга ҳамда Россия гаджетлар бозорини ўрганувчи Mobile Research Group компаниясига асосланиб хабар беришларича, iPhone SE'нинг 32 Гбайт хотирага эга талқини Россияда 2017 йилнинг август-сентябр ойларида энг яхши сотилган смартфон модели бўлган.

2017 йилнинг февралидан июлига қадар россияликлар томонидан Samsung Galaxy J1 (қуйидаги суратда келтирилган) энг кўп харид қилинган эди. Биргина июлда бу смартфон модели 126 минг дона сотилган бўлса, iPhone SE мазкур муддатда 120 минг дона сотилган. Сўнгра вазият ўзгарди: августга келиб Samsung Galaxy J1 савдо суръати пасайди ва iPhone SE пешқадамликни қўлга киритган.

Жумладан, август ойида J1 модели 104 мингта сотилган бўлса, SE моделидан 124 мингта харид қилинган. Сентябрда эса кореялик ишлаб чиқарувчининг гаджетидан 90 мингта, америкалик ишлаб чиқарувчининг гаджетидан 119 мингта харид қилинган.

Гап шундаки, Apple компанияси 4 дюймли iPhone SE смартфонининг энг кичик талқинида ўрнатилган доимий ички хотира сиғимини 16 гигабайтдан 32 ГБ.га оширишга қарор қилди. Шу билан бирга, нарх борасида ҳам катта ўзгариш юз берган эди.

iPhone SE Apple компаниясининг энг арзон смартфонига айланди. 2017 йилнинг август ойига келиб шу вақтга қадар $399 доллардан сотилган энг арзон талқин 50 долларга арзонлашди. Натижада, 32 ГБ талқин $349, 128 ГБ талқин $449 доллардан сотила бошланди.

Дизайнини iPhone 5'дан "мерос" олган бўлса ҳам, техник жиҳатдан iPhone 6S билан баҳсга киришади ва илғор A9 процессорига эга. "Кичкина деманг бизни", деганларидай бу айфоннинг афзалликлари кўп. Ҳатто, iPhone X маҳрум бўлган "Touch ID" тугмаси ҳам бор.

2016 йилнинг март ойида тақдим қилинган iPhone SE алюминийдан ишланган металл корпуси, HD-камера, бармоқ излари сканери, Siri виртуал ёрдамчиси, 3D Touch технологиясига эга бўлмаса ҳам, тезкор ва хавфсиз фаолияти билан кўпчиликни ўзига мафтун қилган.

“Малика” савдо марказида айни пайтда iPhone SE’нинг базавий, яъни 32 ГБ талқини 2 583 000 сўмдан, 64 ГБ талқин 3 403 000 сўмдан сотилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.