Россияда iPhone 8 савдоси бошланди: кутилмаган ҳолатлар

Россияда iPhone 8 савдоси бошланди: кутилмаган ҳолатлар

Apple’нинг саккизинчи авлод смартфонлари савдоси Россияда бугун – 29 сентябрдан бошланди. Бу йилги савдоларда ҳар галгидан бошқачароқ, кутилмаган ҳолатлар юзага келган, деб ёзади Ferra.ru.

Ҳеч кимга кераги йўқ!

29 сентябрга ўтар тунда Москванинг Ленинград шоссесидаги «Эльдорадо» тармоқ дўконларидан бирида янги iPhone 8 ҳамда iPhone 8 Plus смартфонларининг савдоси расман бошланди. Айни шу пайтда дўкон ходимларидан ташқари у ерда биттагина харидор бўлиб, у ҳам бошқа маҳсулот – триммер (электр устаранинг бир қисми) харид қилиш учун келган эди.

Расман бошланган савдо жараёни қандай кетаётганини кўриш ва репортаж тайёрлаш учун борган Ferra.ru сайти мухбири қўлида iPhone 8 Plus мавжуд бўлиб, дўкон ходимлари унга қизиқиб, ишлатиб кўришган. Чунки савдога қўйилган смартфонларни ўзлари очиб кўриш имкониятига эга эмаслар-да.

Ажаб савдолар...

«Навбатдаги ўрнимни сотаман!»

Қолган ритейлерларда савдо эрталабки соат 10:00 га белгиланган. Жумладан, Никольск кўчасидаги «re:Store» дўкони олдида 70 кишидан иборат навбат юзага келган. Қизиғи – бу навбатда турганларнинг айримлари чиндан ҳам Apple ихлосмандлари бўлса, бошқалари шунчаки навбатдаги ўз ўрнини сотиш учун банд қилиб турибди!

Масалан, тунги соат 2:30 да навбатнинг биринчи ўрни 40 минг рублга баҳоланган, аммо унинг эгаси айтишича, эрталабгача бу нарх 100 минг рублгача ошиши мумкин эмиш. Унинг ўзи 28 сентябрь, тонгги соат саккиздаёқ – яъни, савдо бошланмасидан бир суткадан ҳам ошиқ вақт илгари келиб, навбатни ташкил қилган.

Навбатда турганлар ўзларининг рўйхатини тузиб олишган ва вақти-вақти билан уларнинг ҳаммаси шу ерда эканлигини текшириб туришибди. Кетиб қолганларни навбатнинг охирига ўтказиб қўйишмоқда.

Нарх-наво ва имтиёзлар

iPhone 8 ва 8 Plus смартфонлари доимий хотирасининг ҳажмига қараб икки хил модификацияда – тақдим этилган. Россияда iPhone 8 моделининг энг арзони 57 минг рублдан бошланади. Унинг «плюсли» талқини қиймати эса 65 минг рублдан бошланади.

Олдинги йилларда, купертинолик гигантнинг аввалги смартфонлари савдоси роса талаш бўлган. Бироқ бу йил ўзгача ҳолат ҳукмрон, чунки кўпчилик бундан кейинги iPhone X моделини кутяпти. Шу боис ритейлерлар харидорларни қизиқтириш чораларини ҳам қўллашмоқда.

Масалан, юқорида таъкидланган «re:Store» дўконида куннинг биринчи ярмида iPhone 8 харид қилган мижозларга 100 минг рубллик совға карточкаси учун бўладиган совринли ўйинда иштирок этишни таклиф қилишяпти. Мазкур совға карточкасини кейин айни мана шу дўконда қулоқчин ва акустика жиҳози сотиб олишда ишлатиш мумкин бўлади.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.