Россиялик ҳарбийларга қиммат мобил телефонлар тарқатилмоқда

Россиялик ҳарбийларга қиммат мобил телефонлар тарқатилмоқда

Россия армиясида хизмат қилаётган командирларга ўта ҳимояланган, қимматбаҳо мобил телефонлар тарқатилмоқда. Бу тўғрида «Известия» нашри хабар тарқатган.

Аҳамиятли томони шундаки, бу телефон аппаратлари Россиянинг ўзида ишлаб чиқарилган ҳамда нархи 115 минг рублни, яъни 2000 долларни ташкил қилади. Бу мобил қурилмадан фуқароларга мўлжалланган алоқа тармоқларидан фойдаланиш мумкин. Жумладан, улар мамлакатдан ташқарида ҳам фаолият кўрсатишга ихтисослашган ҳамда Россия Федерациясининг ҳарбий алоқа тармоқларида юқори даражада шифрланган ҳолда ишлайди.

«Известия»нинг Россия Мудофаа вазирлигига асосланиб ёзишича, бу ҳимояланган телефон М-663С «Атлас» деб номланган ҳамда «Атлас» илмий-техника маркази томонидан тайёрланган. Унинг аппарат таъминоти ҳамда операцион тизими, дастурий таъминотлари тўлиқ россиялик мутахассислар ва дастурчилар томонидан тайёрланган.

М-633С — SMP-АТЛАС/2 деб ном олган оддий ва сотувга чиқаришга мўлжалланган GSM-телефон моделининг ҳимояланган талқини. Жанговар дизайндаги мазкур телефон жисмоний таъсирларга қарши пишиқ ва пухта қилиб ишланган. Гаджет металло-пластик корпусга эга бўлган ва сапфир шишаси билан қопланган.

Телефон рангли дисплей ҳамда MP3-плеерга эга бўлган. Буюртмачининг талабига мувофиқ, мазкур телефон аппарати ҳаво ҳарорати минус 20 га тушган ёки плюс 50 градусга кўтарилган шароитда ҳам ишлайди.

Телефон корпуси сувга ҳам чидамли. У бир метр чуқурликда сув ичида ҳам қўнғироқларни қабул қилади ва ярим соат "жон сақлайди". Телефон аппаратининг вазни 130 грамм.

Телефонда маълумотни криптографикага айлантирувчи аппарат таъминоти ҳам мавжуд. Бу ерда барча сигналлар шифрланади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!