Samsung $150 долларлик Galaxy J2 Pro’ни сотувга чиқарди

Samsung $150 долларлик Galaxy J2 Pro’ни сотувга чиқарди

Galaxy J2 (2016) смартфонининг тақдимотидан 2 ҳафта ўтиб Samsung унинг янада такомиллашган версияда фойдаланувчилар эътиборига тақдим этди. Янги талқин “Galaxy J2 Pro” деб номланди.
Смартфоннинг “Pro” версияси Smart Glow LED-ҳалқасига эга бўлди. Бош камера атрофига жойлаштирилган “ақлли чақноқ” қўнғироқлар, смс-хабарлар, турли огоҳлантиришлар вақтида ёниб, фойдаланувчини бохабар қилади.
Шу билан бирга, Galaxy J2 Pro смартфонида Turbo Speed янги технологияси жорий этилган. Бу технология иловалар фаолиятини, уларни юклашни янада тезлаштиради. Мисол учун, гаджетдаги иловалар энди бу смартфоннинг тезкор хотирасидан 2 маротаба катта (4 ГБ) хотирага эга “ақлли телефон”ларникидан 40 фоиз (!!!) тезроқ ишлайди.

Galaxy J2 Pro

Galaxy J2 Pro’нинг муҳим ички ўзгаришлари қаторига 16 ГБ доимий ички хотира билан таъминланганини айтиш мумкин. Шунингдек, Galaxy J2 (2016)’да 1,5 ГБ оператив хотирада фаолият кўрсатса, такомиллашган янги талқиннинг тезкор хотира сиғими 2 ГБ.га ошди.

Мобиль алоқа воситасининг қолган жиҳатлари Galaxy J2 (2016)’никидек: 5 дюймли, 1280 x 720 пиксель сиғимли Super AMOLED-дисплей, частота тезлиги 1,5 ГГц бўлган 4 ядроли Spreadtrum SC8830 процессори, Mali-400 MP2 график-тасвир процессори, электр токи сиғими 2 600 мА соат аккумулятор, 8 мегапикселли бош ва 5 мегапикселли олд камералар.

Айни пайтда Galaxy J2 Pro фақатгина Ҳиндистон смартфон бозорида $150 доллардан сотувга чиқарилган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!