Samsung, Apple, Xiaomi ва Huawei ҳар бир смартфондан қанча соф даромад кўради?

  •   DiMaX
  •  3356
  •  28.12.2017 13:28

Samsung, Apple, Xiaomi ва Huawei ҳар бир смартфондан қанча соф даромад кўради?

Бозорда таклиф этилаётган мобил қурилмаларнинг нархлари турлича эканлиги кўп омилларга боғлиқ: моделнинг техник ва дастурий таъминоти, функциялари, ясалган материали, оммабоплиги, ишлаб чиқарувчининг ишончлилиги ва ҳоказо. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз – фалон нархдаги смартфоннинг қийматидан қанчаси соф даромад сифатида ишлаб чиқарувчининг «чўнтаги»га тушади?

ЎҚИНГ: Нархи таннархига тенг яхши смартфонлар (сентябр ҳолати бўйича AnTuTu талқини)

Counterpoint компанияси таҳлилчилари ушбу саволга жиддий ёндашиб, ҳатто бу борада тадқиқот ўтказиб кўришди. Улар дунёдаги энг йирик смартфонсозлар –  Xiaomi, Oppo, Apple, Vivo, Samsung ҳамда Huawei компаниялари 2017 йилнинг учинчи молиявий чорагида қанча даромад олганини тадқиқ этишди. Бунда мазкур ишлаб чиқарувчиларнинг турли моделлардаги телефонлари нархлари ҳамда уларнинг таннархлари ўзаро таққосланиб, сотилиш ҳажмлари ҳисобга олиниб, умумий натижалар чиқарилган.

Тадқиқот натижалари ҳайратланарли, аммо ушбу маълумотни эълон қилган таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, бу рақамлар мутлақо тўғри ва аниқ. Улар бу натижаларни қуйидаги инфографика орқали акс эттиришган:

Кўриб турганингиздек, сотилган ҳар бир смартфонидан энг кўп даромад олаётган компания Apple бўлиб чиқди. «Олмали» корпорация бу борада ҳатто ўзининг асосий рақибидан беш бараварга катта кўрсаткични намоён этган. Ишонсангиз ҳам, ишонмасангиз ҳам ихтиёрингиз, аммо купертинолик гигант ҳар бир сотган айфонидан нақ 151 АҚШ доллари миқдорида соф фойда кўрар экан!

ЎҚИНГ: iPhone X таннархи ҳисобланди: қийматнинг 74 фоизи Apple’нинг фойдаси экан!

Смартфонларидан соф даромад кўриш бўйича иккинчи ўринда, албатта, Samsung келмоқда – сотилган ҳар бир Galaxy телефони нархидан 31 доллари унинг ёнига қолади. Учинчи поғонани 15 долларлик кўрсаткич билан Huawei эгаллаган, тўртинчи бўлиб ундан атиги 1 долларга кам фойда билан Oppo турибди. Бешинчи ўриндаги Vivo эса ҳар бир сотган телефонидан 13 доллар «соққа қилиши» аниқланган.

Ўз смартфонларидан энг кам даромад кўрувчи компания эса «хитойча Apple» дея таърифланувчи Xiaomi экан. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, ҳар бир сотган смартфонидан у атиги 2 АҚШ доллари миқдорида фойда кўради. Ўйлаб кўринг-да, бу пул бирорта фаст-фудда қорин тўйдиришга ҳам етмайди – буни ҳатто тасаввур этиш ҳам қийин! Айнан шу – ишлаб чиқарувчи фақат ўз фойдасини кўзламагани сабабли ҳам Xiaomi мобил девайслари жуда арзон. Ҳамёнбоплиги боис тез ва кўп сотилаётган смартфонлар савдо айланмасининг яхши бўлишига олиб келади – буям фойда-да энди...

ЎҚИНГ: Xiaomi смартфонлари бунчалик оммабоплигининг 5 сабаби

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.