Samsung «ақлли» трекер-брелок ишлаб чиқди

Samsung «ақлли» трекер-брелок ишлаб чиқди

Жанубий кореялик гигант ўз электроника маҳсулотлари қаторини яна битта қизиқ девайс билан бойитди. Бу – Connect Tag деб номланган трекер-брелок бўлиб, у ҳақда Samsung ўз сайтида маълумот берган.

Бу – NB-IoT ва Cat. M1 алоқа стандартларида ишловчи, истеъмолчилар бозори учун тақдим этилган дунёдаги илк қурилмадир. Ушбу ихчам смарт-брелок мазкур стандартлар бўйича алоқада бўлиб, ўзининг қаерда эканлиги ҳақида хабар етказиб туради. Девайсни нафақат бирор юкка ёки машинага бириктириб қўйиб, унинг ҳаракатланиш йўналишларини кузатиш, балки уй ҳайвонларига тақиб қўйиб, улар йўқолиб қолишининг олдини олиш ҳам мумкин. Дейлик, Connect Tag бириктириб қўйсангиз, калитларингиз ё бошқа шундай буюмларингиз асло йўқолиб қолмайди.

Samsung Connect Tag ўзи бириктирилган объектнинг ёки буюмнинг аниқ жойлашув ўрнини уяли тармоқлар, Wi-Fi, GPS/ГЛОНАСС тармоқлари орқали юқори даражада аниқлайди. Геолокация ҳақидаги маълумотни у NB-IoT ҳамда Cat. M1 алоқа стандартлари воситасида Android-қурилмага жўнатади.

Гаджет пластик корпусда бўлиб, IP68 стандарти бўйича чанг ва намдан ҳимояланган. «Ақлли» брелок 300 мА/соат сиғимли аккумуляторга эга – ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашларича, унинг қуввати бир ҳафтага бемалол етади. Унинг дастурий платформаси эса Samsung’нинг ўз ишланмаси – Tizen IoT ҳисобланади.

Мазкур аксессуар карабинли (қисқичли) тасмачага маҳкамланган, шу боис уни исталган объектга бириктириб қўйиш имкони мавжуд. Боланинг рюкзагига, сафар чемоданига ёки бошқа бирор ташилувчи нарсага боғлаб қўйса ҳам бўлади.

Connect Tag’нинг яна бир «фишка»си шундан иборатки, у «ақлли» техника жиҳозлари билан «мулоқот»га кириша олади. Масалан, Connect Tag эгаси уйга кириши билан, хона чироғи ёнадиган, телевизор ишга тушадиган қилиб созлаш имкониятлари бор.

Samsung Connect Tag’нинг техник хусусиятлари:

  • кам қувват талаб қилувчи Bluetooth (BLE) ва Wi-Fi, GPS/ГЛОНАСС;
  • eSIM’ни қўллаб-қувватлаш;
  • уяли алоқа стандартлари: NB-IoT, Cat.M1;
  • акселерометр;
  • ёруғлик-диодли индикация (учта рангда);
  • 300 мА/соат сиғимли аккумулятор;
  • IP68 ҳимоя стандарти;
  • Tizen IoT операцион тизими;
  • Android Marshmallow ва ундан кейинги тизим талқинларидаги қурилмалар билан боғланиш;
  • ўлчамлари: 42,1x42x11,9 мм;
  • вазни: 25 грамм.

Компания бу янги гаджети билан 18–19 октябрь кунлари  Сан-Францискода бўлиб ўтадиган дастурчилар анжуманида батафсил таништирмоқчи. Samsung Connect Tag’ни биринчилардан бўлиб Жанубий Кореядагилар харид қилишлари мумкинлиги ҳам маълум.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.