Samsung энди iOS фойдаланувчиларини ўзига оғдириш йўлини топди

  •   DiMaX
  •  2145
  •  27.06.2017 19:27

Samsung энди iOS фойдаланувчиларини ўзига оғдириш йўлини топди

Samsung Electronics компанияси Smart Switch веб-сайтининг қайта ишланган версиясини тақдим этди, унда iPhone’дан Galaxy туркумидаги смартфонга ўтиш бўйича батафсил йўриқнома берилган. Янгиланган портал Galaxy S8 флагманининг рақобатчилар смартфонларидан устун жиҳатлари ҳақида сўз юритади ва бунда Android платформасига кўчиб ўтишнинг ўта осонлигига алоҳида урғу берилади.

Компания вакилларининг ишончлари комилки, рақобатчи брендларнинг ихлосмандлари бўлган фойдаланувчилар Galaxy S8’нинг ҳайратга солувчи дисплейига беэътибор қарай олмайдилар. Шу боис ҳам янги флагманни тавсифлар эканлар, унинг айнан экранига кўпроқ аҳамият қаратишган.

Smart Switch сервиси маълумотларни битта қурилмадан иккинчисига ўтказишнинг учта усулини таклиф қилади. Булардан биринчиси Wi-Fi орқали симсиз уланишни назарда тутади. Иккинчи усулида қурилмалар USB-кабель ёрдамида тўғридан-тўғри уланади. Учинчи йўли – маълумотларингизни Mac ёки шахсий компьютер воситасида кўчириш ҳисобланади.

«Smart Switch сервиси шарофати билан, смартфонингиз маркасидан қатъи назар, Galaxy қурилмаларига ўтиш биттагина тегиниш орқали амалга ошади, – дея хабар беради Samsung. – Барча маълумотларингиз: контактлар ва тақвимдаги воқеаларингиздан тортиб иловаларингизгача, ҳатто дастурий устқурмаларингиз ҳам янги Galaxy смартфонингизга кўчиб ўтади».

Шуниси ҳам борки, бунда Samsung айрим жиҳатларни айтмасдан кетяпти, масалан – Galaxy’га кўчиб ўтганингиздан кейин сиз iMessage ёки iCloud каби сервислардан энди фойдалана олмайсиз.

Хўш, сиз-чи, iOS тизимидан Android платформасига, ёки iPhone’дан Galaxy’га кўчиб ўтармидингиз?