Samsung Galaxy J2 (2018): жиҳат ва суратлари тарқалиб кетди

Samsung Galaxy J2 (2018): жиҳат ва суратлари тарқалиб кетди

2017 йилнинг адоғига келиб, смартфон бозоридаги янгиликлар оқими тезлашиб, кучли рақобат яққол сезилиб қолди. Жумладан, ёш ишлаб чиқарувчиларнинг арзон гаджет ишлаб чиқаришга бўлган режалари йирик брендларни ҳам ҳамёнбоп туркумларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда. Жумладан, Samsung 2018 йил бозорга чиқадиган моделларига тартиб бермоқда. A8 (2018) ҳамда A8+ (2018) тақдимотидан сўнг интернет тармоғида Galaxy J2 (2018) кўриниш берди.

Galaxy J2 (2018) жиҳатлари ва дизайнида айни пайтда бозорда сотилаётган 2017 йилги моделга нисбатан катта ўзгариш юз бермаган.

Сурат ва маълумотларга қараганда, Galaxy J2 (2018) "SM-J250" рақами остида тақдим қилинади. Девайс пластик корпусга жойланади ҳамда 153 грамм тош босади. Унинг 5 дюймли экрани SuperAMOLED матрицали бўлиб, пиксел сиғими ҳам ўзига яраша -- 960 x 540 белгига тенг. Galaxy A8 2018 моделидан фарқли равишда, Galaxy J2 (2018)'да 16:9 стандартидаги дисплей сақлаб қолинган. Шунингдек, олд панелдаги бош тугма ҳам ўз ўрнида.

Платформа самарадорлиги учун 4 ядроли Qualcomm Snapdragon 425 чипи (Cortex-A53, 1.4 Ггц), 1.5 ГБ тезкор ва 16 ГБ доимий хотира, қўшимча хотира учун microSD бўлмаси танланган.

Алоқа масаласида, Galaxy J2 (2018) 2 sim-картали бўлади ва Cat.4 LTE алоқа тармоғида секундига 150 МБ маълумот алмашиш имконига эга. Унда Bluetooth 4.2 ҳамда 802.11n WLAN модуллари ҳам ўрнатилган.

8 мегапикселли бош ҳамда 5 мегапикселли олд камеранинг ҳар иккаласи фоточақноққа эга бўлган.

Galaxy J2 (2018)'да 2600 мА соат сиғимли аккумулятор, қувватлаш учун microUSB порти мавжуд. Смартфон қадоқдаёқ Android 7.1.1 Nougat'да фаолият кўрсатади.

Девайснинг кейинги ҳафтада тақдим қилиниши кутилмоқда. Унинг нархи ҳам жиҳатларидан келиб чиқиб, 130 АҚШ долларини ташкил қилиши тахмин қилинмоқда.

Экспертлар фикрича, юқоридаги жиҳатларга эга Samsung Galaxy J модели Xiaomi каби бозорбоп ва ҳамёнбоп смартфонлар ишлаб чиқарувчи смартфонсозлар билан рақобатга дош бера олмайди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.