Samsung Galaxy Note 7 фаблетини тақдим этди

Samsung Galaxy Note 7 фаблетини тақдим этди

Бундан бир неча дақиқа олдин Samsung Electronics АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида навбатдаги — Samsung Galaxy Note7’нинг тантанали тақдимот маросимини ўтказди. Samsung Electronics компаниясининг Мобиль алоқа бизнеси бўлинмаси президенти Ко Дон Чжин жамоатчиликни Galaxy Note 7 билан таништирди.

Кўз сканери, такомиллашган S-Pen қаламчаси каби технологик такомиллашувга эга Note 7 жаҳоннинг кучли фаблети сифатида Galaxy S7 туркуми билан бирга смартфон бозорида Samsung’нинг етакчилигини таъминлаши кутилмоқда.

“Galaxy Note 7 мижозларимизга илғор имкониятларни туҳфа этиб, бизнинг фаблет бозоридаги мутлақ пешқадамлигимизни мустаҳкамлайди. Биз нафақат катта экран, балки катта ғояларни ҳам ишлаб чиқарамиз”, деди президент.


Дизайн ва корпус
Note 7 фаблети Note 5 (153.2х76.1х7.6 мм)’га қараганда сал “тўлачароқ”, яъни бўйича 153.5, энига 73.9, корпус юпқалиги 7.9 мм. Оғирлиги эса 169 грамм.

Note7 ташқи ва ички ўзига хос жиҳатлар уйғунлашган замонавий флагман. Бу IP68 сертификатига эга жаҳондаги “Note” туркумига кирувчи илк фаблет. Яъни, 1 метргача чуқурликдаги сув, шунингдек ташқи чанг таъсирига бардошли гаджет, У билан бирга чўмилиб туриб, алоқада ҳам қолиш мумкин.

Мобиль телефон аппаратининг металлдан тайёрланган ва ромлари орқа ва олд томонидан Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси билан симметрик равишда бекитилган. Корпус яхлит тузилишга эга ва аккумуляторни фақатгина хизмат кўрсатиш марказида алмаштириш мумкин. Унинг ясси корпусли талқини ҳам ишлаб чиқарилиши маълум қилинган.

The Galaxy Note7 маржон ранг кўк, қора платинум, кумуш титан ва қора оникс рангли талқинларда ишлаб чиқарилади.

Экран
Note7 фаблети 5.7 дюймли улкан ва нафис экранга эга. Super AMOLED платформасида ишлайдиган экраннинг ҳар икки томони “edge” туркумидаги гаджетлар каби ён томонга букиг. Экран QHD (ҳар дюймда 518 пиксель!!!) сиғимли. Бу HDR сиғимни, яъни 4K телевизорлар каби рангларни янада бой ва юқори контрастда кўрсатадиган, жонли эфирларни HDR технологияда кўрсатиш кўникмасига эга илк мобиль экрандир.

Ўзига хос жиҳатлар
S Pen қаламчаси ёрдамида Always on — экраннинг мунтазам фаол қисмига турли қайдларни ёзиб қўолдириш мумкин. Ҳатто сув остида ҳам! Шунингдек, фаблет экранидан матнни катталаштириб кўрсатадиган заррабин сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. Фаблет аввал айтилганидек, матнларни тезкор таржима қилиш, GIF форматдаги сурат олиш қобилиятига эга.

Galaxy Note7’да мобиль технологиялар учун хавфсизлик тизими яратувчи Samsung Knox компанияси ишлаб чиққан биологик сенсорлар ёрдамида хавфсизлик юқори даражада таъминланган. Унинг тизимига кириш учун кўзнинг рангдор пардасини сканердан ўтказиш керак бўлади. Шунингдек, маблағни бошқариш, телефон хотирасидаги маълумотлар хавфсизлигини таъминлашда бармоқ излари орқали кириш тизимини ўрнатиш мумкин.

Қувват манбаи
Galaxy Note7 USB Type-C туридаги универсал порти мавжуд Samsung’нинг илк смартфони. Ушбу порт орқали смартфонни йўл-йўлакай ва тезкор қувватлаш мумкин. Шунингдек, гаджетда симсиз тезкор қувватлаш тизими ҳам ўрнатилган. Унинг аккумуляторининг электр токи сиғими 3,500 мА соат. Яъни, S7 edge’никидан 100 мА соатга кичик.


Камера
Бош камера 12 МП ва унинг объективида ҳам Galaxy S7 смартфонлари каби қўш-пикселли технология татбиқ этилган. Унинг диафрагма ҳажми f/1.7 бўлиб, суратни оптик барқарорлаштириш тизимига эга. Бу камерада 2160p (4K) сиғимли видео ёзиш мумкин. Унинг олдинги камераси ҳам S7’дан олинган, диафрагма ҳажми f/1.7 ва 5 МП сиғимли суратлар олади. Камералар ёруғлик паст шароитда ҳам сифатли сурат олади.


Ички платформа
Note7 жуда кучли ички имкониятларга эга. Унга ҳудуд ва минтақадан келиб чиқиб, энг илғор Snapdragon 820 ёки Exynos 8890 процессорларии, 4 ГБ тезкор хотира, 64 ГБ доимий ички хотира, 256 ГБ.гача флешкани ўқийдиган microSD хотирани кенгайтириш бўлмачаси ўрнатилган.
Шунингдек, Galaxy Note7 фойдаланувчилари Samsung’нинг Cloud (булутли) маълумотларни сақлаш хизматидан 16 ГБ бепул хотира майдончасига эга бўлишади.

Нега “Note 7″? ” Note 6″ қаерда қолди?
Сўнгги вақтларда смартфон бозоридаги рақобатда ҳар бир далил муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолди. Айниқса, рақамлар! Самсунг Apple тақдим этишни режа қилаётган iPhone 7’нинг “кушандаси” сифатида эътироф этилган Note 7’ни олдинроқ намойиш қилди. Ва, маркетинг жиҳатдан, шунингдек “7” рақамининг азалдан омад келтиришига ишониб “6”ни ташлаб кетди.

Galaxy Note7 19 августдан бошлаб халқаро бозорда 750-800 АҚШ доллари нархида сотувга чиқарилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!