Samsung Galaxy S8: ҳозирча шундан яхшиси йўқ

Samsung Galaxy S8: ҳозирча шундан яхшиси йўқ

 

Samsung’нинг флагман смартфонлари йилнинг энг кутиладиган мобил телефонлари қаторидан жой олганига анча бўлган. Боиси, улар смартфон саноатининг бирор янги ривожланиш тенденциясини албатта бошлаб беришади.

Samsung Galaxy S8 ҳам майдонга янгилик билан кириб келиши кутилган эди ва шундай бўлиб чиқди. Note 7 аккумуляторининг портлаши билан боғлиқ кўнгилсизликлардан кейин кореялик бренд ўз номини фақатгина инновация ёрдамида оқлаши мумкин эди. Биз қуйида ана шу илғор флагманнинг энг ёрқин жиҳатлари хусусида тўхталиб ўтамиз.

Қадоқни очамиз …

Samsung Galaxy S8 қадоғида смартфон билан ёнма-ён ихчамгина қувватлаш блоки, USB Type-C портига мўлжалланган USB кабели,  USB Type-C порти учун USB переходниги ҳамда энг аҳамиятлиси — халқаро аудио тизимлар ишлаб чиқарувчи AKG бренди билан ҳамкорликда тайёрланган аудио қулоқчинлари ўрин олган.

Дизайн, материал ва фойдаланишга қулайлик

Samsung янги смартфонида дизайн ғоясини янада такомиллаштирган. Унда Galaxy S7 edge ва Note 7 олд панелига хос эволюцион ривожланишни кўриш мумкин. Бу гал компания экран атрофини ўраб олган металл ромдан тўлиқ воз кечган. Galaxy S8 ишлаб чиқарувчи айтганидай, “чексиз дисплей” фалсафасини ўзида акс эттирган.

Компаниянинг бўйига 148,9, энига 68,1 мм бўлган смарфтон корпуси ичига 5,8 дюймли экранни жойлаштира олгани чиндан ҳам ҳайратланарли ва буни технологик маҳорат деб аташ мумкин. Натижада, олд панелнинг 84,26% қисми экрандан иборат ва экраннинг ён томонлари силлиқ равишда букик. Бунинг эвазига фойдаланувчи ундан фойдаланиш чоғида қўлида металл матоҳ эмас, жозибадор шиша дисплейни ушлаб турганини чиндан ҳис қилади.

Бироқ смартфон учун ўта юпқа ром тайёрлаган билан иш битмайди. Бу ўзига хос дизайндаги гаджет яратиш йўлида ҳали ишнинг ярми эди.  Шунинг учун Samsung янги флагманининг корпусини ясси бурчак ва қирралар билан таъминлади. Galaxy S8 дисплейининг қирралари ҳам корпус сингари ясси шаклга эга бўлгани боис, ташқи кўриниш яхлит жозибадор стилга эга бўлди. Дизайндаги бу каби техно-ёндашув компанияни ҳеч бир иккиланишларсиз олд панелдаги логотипни орқа панелга кўчириш ва олд панелни тўлиқ тугмадан халос қилишга илҳомлантирди.

Корпуснинг орқа томони у қадар диққатга сазовор эмас. Бироқ, бу ерда ҳам ўзига хос дизайн ва уйғунликка гувоҳ бўлиш мумкин. Ниҳоят, бу гал камера блоги корпусдан бўртиб чиққани йўқ. Шундай бўлса ҳам, ўта нозик ромларга эга бўлган. Камера қаторида, унинг чап ва ўнг биқинида светодиодли фоточақноқ, бармоқ излари сканери ва юрак уришини назорат қилувчи датчик ўрин олган.

Экран «четидан – четигача» дизайнда тугмалардан холи ишлангани эвазига, бармоқ излари сканерига орқа панелдан жой ажратилди. Унинг корпус маркази эмас, камера ёнига жойлаштирилгани ғалатироқ. Натижада, фойдаланувчи бармоғини тўғридан-тўғри сканерга қўйишини учун аввал панелга кўз ташлашга мажбур. Аммо, мавжуд қоидаларни кимдир четалб ўтиши ҳам керак. Айниқса, бу пешқадам компанияларга ярашади.

Корпуснинг асосий материаллари: олд ва орқа панелни бириктириб турган Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси, экран қуйисидаги юпқа алюминий ром.

Тўғри, илғор шишали смартфонга ҳашамдор зеб бериб турибди. Шу билан бирга, агар авайлаб фойдаланилмаса, бу гўзалликка осонлик билан путур етиши мумкин. Шундай экан, Galaxy S8 харид қилаётганда имкон қадар унинг учун ғилоф ҳам сотиб олишни унутманг.

Нисбатан йирик экранга қарамасдан, Galaxy S8 корпуси Galaxy S7 edge’га нисбатан анча ихчам, ва қайрилма дисплей ҳошияларининг борлиги эвазига қўлга яхши ўрнашади. Шунингдек, S8 дисплейининг ёнлари S7 edge’ники каби ўткир эмас, енгил ясси қайрилма дизайнда. Шу боис, энди бу ердаги иловаларнинг тасодифан босилиб кетиши билан боғлиқ ҳолатлар кузатилмайди.

S8 дизайни унинг бошқарувидаги ўзгаршиларга ҳам сабаб бўлган: функционал бош клавиш энди виртуал шаклга ўтган. Ундан фойдаланиш анча қулай. «Home» бош меню тугмаси бармоқ зарбининг даражасини ҳис қилади ва шунга кўра амални бажаради. Бир муддат фойдалангач, бу тугма билан бемалол унга қарамасдан ҳам алоқа ўрнатиш мумкин бўлади. “Созламалар”дан бу виртуал тугмани ҳам ўзингизга қулай қилиб таҳрирлаш мумкин.

Galaxy S8’нинг корпус клавишлари орасида ягона янгилик — ўнг биқинидаги махсус тугмача. Унда Samsung ўзининг илк овозли ёрдамчиси бўлган Bixby’ни татбиқ қилган. Бу ёрдамчи билан инглиз тилида суҳбатлашиш, маслаҳат сўраш, маълумот олиш, маълумот-тавсия сўраш, унга эслатмаларни айтиш мумкин. Бу тўғрида қуйироқда маълумот берамиз.

Galaxy S8 корпуси сув ҳамда чангдан ҳимояланган. IP68 гувоҳномаси унинг 1 метрликдаги чуқурликда 30 дақиқагача жон сақлашини кафолатлайди.

Дисплей

S8’нинг 5,8 дюймли экран майдони юқорида қайд этилганидек, Galaxy S8 дисплейи олд панелни деярли эгаллаб олган. Диагонали 5,8 дюйм бўлган экран Super AMOLED матрицасида фаолият кўрсатади. Ундаги пикселлар сиғими 18,5:9 нисбатли томонларга эга экран учун ноодатий: 2960×1440 белгига тенг. Super AMOLED матрицада ҳар бир пиксел алоҳида ёритилиши билан ўзига хос.

Меню орқали 4K сиғимли экранни кичрайтириш мумкин: HD+ (1480×720), Full HD+ (2220×1080) ҳамда WQHD+ (2960×1440) пикселли қилса ҳам бўлади. Иловалар элементлари ҳам экранда шунга кўра акс этади. Бу функция қувватни тежаш учун жорий қилинган. Шу орқали 3000 (S8 Plus’да 3500) мА соат ток сиғимига эга аккумулятор 2,5 кун мобайнида ишлайди.

S8 дисплейи жаҳоннинг энг илғор смартфон дисплейи сифатида эътироф қилинган. Унинг ранг-тасвир узатиши яхши ва ранг-тасвир марказда қандай бўлса, дисплей бурчак ва ҳошияларида ҳам шу қадар тўйинган ва табиий акс этади. Созламалар орқали экран режимларини танлаб, унинг ранг узатишини нисбатан рангдор ёки табиий қилиш мумкин.

Энг муҳим жиати, смартфон крани sRGB ранг маконини 100% қамраб олади.

Мисол учун, рангдорликни хуш кўрувчилар “кўк ранг филтри” режимидан фойдаланишлари мумкин.

Энг тўлиқ режимда Galaxy S8 экранининг ҳар дюймида 570 та белги акс этади. Бу экранда суратни аниқ-тиниқ ва пикселлар чизиғисиз кўриш имконини беради. WQHD+ сиғим эса VR виртуал тасвирлар технологиясидан фойдаланиш учун.

S7 edge каби, S8’нинг блокировдаги дисплейида соат, сана ва аккумулятор қуввати, календар, танланган сурат, ўтказиб юборилган ҳодисаларнинг рамзий белгиларини кўриш мумкин. Бу функция “Always on Display” (мунтазам фаол дисплей) дейилади ва Super AMOLED экрани боис самарали ишлайди.

Аввалги гелексиларга қараганда, бунисининг экрани анча ақлли. Мисол учун, бу чўнтакка кириши билан дисплей аккумулятор қувватини тежаш учун ўчади. Шунингдек, Always on Display функциясида дисплей ташқи ёруғликдан келиб чиқиб ёрқинлик даражасини белгилайди.

 

Платформа ва самарадорлик 

Қувват тежашда ном қозонган Qualcomm Snapdragon 835 процессорига эга Galaxy S8 фақатгина АҚШда сотилади. Galaxy S8’нинг халқаро талқинида 10 нанометрли Samsung Exynos 8895 процессоридан фойдаланилган. Бу чипда ҳам 4 та энерго-тежамкор ва 1,7 ГГц частота тезлигида ишлайдиган ARM Cortex A53, 4 та юқори самарадорликка эга ва частотат тезлиги 2,35 ГГц бўлган ядролардан фойдаланилган. График-тасвирларни қайта ишлаш учун Mali-G71 MP20 видео картаси масъул бўлиб, у аввалги — Galaxy S7 edge’даги Mali T880MP12 чипига қараганда 40% тезроқ ишлайди.

Смартфонда 4 ГБ тезкор ва 64 ГБ доимий хотира мавжуд. Шу билан бирга, microSD қўшимча хотира бўлмачаси ҳам мавжуд. Бу бўлмача гибрид:  унга ёки 2 та сим-карта ёки 1 та сим-карта ва 1 та флешка қўйишга тўғри келади.

Galaxy S8 ишлашда юқори самарадорлик кўрсатади. Унинг интерфейси ҳам, иловалари ҳам тезкор ишлайди. Дисплейнинг пикселлар сиғими унинг ишлашига таъсир кўрсатмайди.

Айни пайтда, етакчи смартфонлар орасида Galaxy S8 жаҳон етакчилари қаторида туради. Жумладан, Antutu бенчмаркида 2017 йилнинг май ҳолатида энг тезкор ишлайдиган смартфонлар ўнталигида Galaxy S8 5-ўринда турибди.

S8 смартфони фойдаланувчининг юзини ёки кўзининг рангдор пардасини сканер қилиб, сўнг флагманни блокировкадан чиқаради. Шунингдек, смартфонда бармоқ излари сканери ҳам мавжуд. Бу ҳимоя тизимларининг даражаси турлича, яъни бир-бирини тўлдиради. Мисол учун, юзни таниш функциясини алдаш мумкин. Бироқ, шу билан бирга кўз пардаси сканерини алдаб бўлмайди ёки бармоқ излари сканерини алдаш имконсиз. Бармоқ излари сканерининг ишлаши тезкор ва аниқ.

Кўзнинг рангдор пардаси олд панелда жойлашган. У инфрақизил нурда ишлагани учун тунда ҳам, кунда ҳам ишлайди. Унинг ишлаши аниқ ва тезкор.

 

Интерфейс

Galaxy S8 флагмани Android 7.0 операцион тизимининг анъанавий Samsung Experience интерфейсида фаолият кўрсатади. Бу тизим қулайлик ва илғор жиҳатларга бой. Samsung дизайнерлари иловаларнинг рамзий белгилари ҳамда тезкор созламалар ва ўтказиб юборилган ҳодисаларнинг дарпардасини қайтадан чизишган.

Умумий олганда, операцион тизимнинг визуал интерфейси осон ва қулай кўринишга келган. Менюни очиш учун алоҳида тугма йўқ. Бунинг учун бармоқни бош экран қуйисида чапга ёки қуйига, ўнгга ёки чапга суриш кифоя.

 Картинки по запросу samsung galaxy s8 bixby

Bixby

Apple учун Siri овозли ёрдамчисини ишлаб чиққан технологлар Даг Киттлаус (Dag Kittlaus) ва Адам Чийер (Adam Cheyer) 2016 йилнинг май ойида Viv номли янги виртуал ассистентни тақдим қилишди. Унинг муҳим ўзига хослиги — хоҳлаган дастурчилар бу тизимни ўзларининг программаларини марказлаштиришлари мумкин эди.

Бу ғоя Samsung’га ёқиб тушди ва компания октябр ойида бу овозли ёрдамчини сотиб олиб,  Galaxy S8’да Bixby номи билан жорий қилди. Bixby фойдаланувчининг смартфондан қандай фойдаланишини ҳам назорат қилади ва шу орқали қувватни ҳам тежайди. Қолаверса, тонгда фойдаланувчига об-ҳаво маълумотларини, кун режасини ва бошқа мунтазам фойдаланиладиган хизматлар ҳақидаги маълумотларни кўрсатади.

У билан инглиз тилида суҳбатлашиш, маслаҳат сўраш, маълумот олиш, маълумот-тавсия сўраш, унга эслатмаларни айтиш мумкин. Ишлашига кўра, у Apple’нинг Siri ёрдамчисини эслатади. Шунингдек, Google ассистент каби, Bixby ҳам буйруқни тушунади, қўшимча топшириқларни бажаради. Samsung кейинчалик Bixby’ни  интернет буюмлар ва «ақлли уй»га улаб, фойдаланувчига масофадан туриб турли қурилмаларни бошқариш, хавфсизлик ёки бирор жараённи назорат қилиш имконини бериш режасида.

 Похожее изображение

Камера

Олд камера 8 мегапикселли, орқа камера — 12 МП. Dual Pixel технологияси ёруғлик паст жойда ва кичик объектларни сифатли суратга олишда ёрдам беради.

Samsung Galaxy S8 гаджетининг бош ва олд камераларида автофокус функцияси мавжуд. Бош камера сенсорининг пиксел сиғими 1.4µm микронга тенг. Ҳар иккала камера учун f/1.7 стандартидаги ёруғликни қабул қилувчи приборлари танланган. У кенг бурчак остида сурат олади. Қуйидаги суратларга қараб камера имкониятларига баҳо беринг.

Камера иловаси «сунъий ақл», яъни илғор қайта ишлаш функциялари билан бойитилган. Мисол учун, иловада 16 та фото-филтрлардан, жумладан 8 та суратни гўзаллаштирувчи авто-филтрлардан фойдаланилган.

Шунингдек, 8 МП сурат олувчи олд камеранинг пиксел сиғимиям юқори — 1.22µm микрон.

Бош камеранинг кадрларни қайта ишлаш алгоритми такомиллашгани боис, суратлар юқори аниқликда акс этмоқда. Мисол учун, камера ҳар гал 3 та кадр олади ва улардаги энг яхши жиҳатларни бирлаштириб, омихта кадрни тақдим қилади. У Galaxy S7’нинг камерасидан тез ишлайди.

 

Аудио

Galaxy S8 смартфонида битта ташқи динамик ўрнатилган ва у сувдан ҳимоя қилувчи мембрана билан қопланган бўлса ҳам, яхши овоз узатади. Мисол учун, шовқин шароитда ҳам видео кўриб, бу карнайдан чиқаётган овозни бемалол тинглаш мумкин.

Комплектдан жой олган AKG қулоқчинларининг фаолиятига гап йўқ: қурилма юқори, ўрта ва паст овоз частоталарини ҳам сифатли узатади.  Унинг ўзи бозорда $100 доллардан сотилади. Харид қилаётганда бу наушникларнинг мавжудлигига алоҳида диққат қилинг. Кўпчилик савдогарлар одатда уни қадоқдан олиб қўйишади.

Galaxy S8 билан боғлиқ яна бир инновация — маълумотларни симсиз узатишнинг янги стандарти бўлган Bluetooth 5.0’нинг жорий қилингани. Унинг ёрдамида бирданига 2 та симсиз наушникни смартфонга улаш мумкин.

Аккумулятор имкониятлари

Note 7 аккумуляторининг ёниб кетиши билан боғлиқ носозликдан сўнг Samsung компанияси аккумулятор технологиясига эҳтиёткорлик билан ёндаша бошлади. Биринчидан, уларнинг синов жараёнларига жиддий эътибор қаратилди. Иккинчидан, ихчам корпусга йирик аккумуляторни тиқиштиришдан воз кечди. Шу боис ҳам, S7 edge аккумулятор сиғими 3600 мА соат бўлган бўлса, Galaxy S8’да — 3000 мА соат. Муҳими унинг сиғими эмас. Балки смартфоннинг қувватни қандай ишлатишида. S8 дисплейи тўлиқ қувват билан қуйидагича ишлайди:

HD+ (1480×720) сиғимида — 8 соат 46 дақиқа

Full HD+ (2220×1080) сиғимида — 7 соат 38 дақиқа

WQHD+ (2960×1440) сиғимида — 6 соат 59 дақиқа

3000 мА соатли аккумуляторга эга бундай гаджет учун бу — ёмон натижа эмас. Galaxy S8 экранини Full HD+ режимига тўғирлаб қўйсайиз, ундан ўртача 1,5 кун, жумладан 6 соат фаол фойдаланиш мумкин.

Смартфонни USB Type-C порти орқали ёки симсиз тезкор қувватлаш  мумкин.

Хулоса

Samsung Galaxy S8 — бу 5,8 дюймли дисплейининг қуйиси ўта юпқа ром билан ўралган ва дисплейи олд тугмадан холи бўлгани билан келажак дизайнига эга флагман смартфон.  Шу билан бирга, унинг юқори самарадорлиги, ёқимли ва қулай интерфейси, сифатли камера ҳамда самарали қувват тизими ҳам эътиборга лойиқ.  Умуман олганда, Galaxy S8 — йилнинг энг яхши смартфонларидан биридир.

Хулоса

Samsung Galaxy S8

9.4балл

Samsung Galaxy S8 -- бу 5,8 дюймли дисплейининг қуйиси ўта юпқа ром билан ўралган ва дисплейи олд тугмадан холи бўлгани билан келажак дизайнига эга флагман смартфон. Шу билан бирга, унинг юқори самарадорлиги, ёқимли ва қулай интерфейси, сифатли камера ҳамда самарали қувват тизими ҳам эътиборга лойиқ. Умуман олганда, Galaxy S8 -- йилнинг энг яхши смартфонларидан биридир.

Дисплей

Дизайн

Камера

Платформа самарадорлиги

Аккумулятор

Қаердан сотиб олиш мумкин?

asaxiy.uz 6.9 млн сўм Сотиб олиш
"Малика" савдо мажмуаси 5.9 млн сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • Тугмадан холи олд панел дизайни
  • Пишиқ терилган корпус
  • Сув ва чангдан ҳимояланган корпус
  • Юқори самарадорлик
  • Комплектда қимматбаҳо наушникнинг борлиги
  • Симли ва симсиз тезкор қувват олиш
  • Android 7.0

 Камчилиги

  • Нозик корпус
  • Сканернинг ноқулай жойлашгани
  • Жуда қиммат
Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.