Samsung Galaxy S9 "аждодлари"даги муҳим жиҳатдан маҳрум бўлади

Samsung Galaxy S9

Samsung компаниясининг сўнгги ва қимматбаҳо флагмани хусусида ўйлар эканмиз, ҳар гал кўз ўнгимизда сўнгги технология ва стандартлар жам қилинган гаджет гавдаланади. Боиси, бренд мобил технология ташаббускори ва пешқадами ҳисобланади. Samsung Galaxy S9 ҳам ана шу эътирофнинг намунаси бўлишига умид қиламиз.

Samsung Galaxy S9 смартфони анъанага кўра 2 хил талқинда, 2 минтақа учун ишлаб чиқарилади. Яъни, биринчи талқин фирманинг Exynos процессорига эга бўлса, иккинчи талқин Snapdragon чипи билан таъминланади. Янги процессор билан Samsung қурилмаларининг қувват олиш технологияси янги босқичга кўтарилади.

Бироқ, Qualcomm компанияси тақдим этган Snapdragon 845 флагман процессори ўрнатиладиган Galaxy S9 смартфони яқинда тақдим қилинган Quick Charge 4.0+ технологиясига эга бўлмайди.

Ўқинг: Quick Charge 4.0+ тақдим этилди: смартфон “заряд” ташвишидан халос бўлди

Quick Charge 4.0+ электр токи сиғими 3300 мА соат бўлган аккумуляторни 1 соатга етар-етмас тўлдиради ва ҳозирги кунда тезкор қувватлашнинг энг хавфсиз технологиясидир. Бироқ, Samsung Quick Charge 4.0+ функциясидан Galaxy S9 ҳамда Galaxy S9+ флагманларида воз кечади. Бунинг ўрнига фирманинг Adaptive Fast Charge технологиясидан фойдаланиш таклиф қилинади. Бунинг учун қўшимча қувватлаш адаптерини харид қилиш керак бўлади.

Компания вакилларининг сўзларига кўра, Galaxy S9'нинг қувват олиш тизими фойдаланувчиларни хурсанд қилади. Лекин, баъзи инсайдерларнинг ёзишларича, Samsung янада кўпроқ пул қилиш учун ҳам флагманида тезкор қувватлаш технологиясидан воз кечган ва Adaptive Fast Charge адаптерини сотишга қарор қилган.

Эслатиб ўтамиз, яқинда флагманлар ўртасида ким тезроқ қувват олиш бўйича мусобақа ўтказилди. Унга кўра, OnePlus 5T тезкор қувват олишда тенгсиз бўлиб чиқди — у ярим соатда 59%, 1 соатда эса 93% қувват олишга улгурди. 6.1 дюймли флагман аккумулятори Dash Charge технологиясини қўллаб-қувватлайди ва 30 дақиқада бир кунга етадиган қувватни тўплай олади.

Ўқинг: OnePlus 5T тақдим қилинди: илғор гаджет эски нархда!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!