Samsung Galaxy S9 қандай бўлади? (+видео)

  •   DiMaX
  •  6498
  •  18.09.2017 10:52

Samsung Galaxy S9 қандай бўлади? (+видео)

Жанубий Кореялик гигант ўзининг охирги флагмани – Galaxy Note 8 моделини тақдим этганидан кейин, асосий рақибининг iPhone X смартфонига жавоб тарзида навбатдаги қурилмасини тайёрлашга зўр бермоқда.

Гарчи бу флагман – Galaxy S9 ҳали кейинги йилда тақдим этилиши кўзда тутилган эса-да, у ҳақида айрим хабарлар тарқалиб улгурган. DBS Design жамоаси эса, ана шу маълумотлар асосида Samsung’нинг навбатдаги флагмани дизайни учун ўз концептини тақдим этган, деб ёзади GizChina нашри.

Марҳамат, ўзингиз томоша қилинг ва завқланинг:

Кўриб турганингиздек, видеолавҳада Galaxy S9’нинг асосий хусусиятлари: ромсиз дисплей, USB Type-C порти, қўшалоқ объективли камера ҳамда бошқа кутилмаган жиҳатлари акс этган.

Концептга кўра, Galaxy S9 анъанавий 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқишидан маҳрум этилмаган, дактилоскопик сканер эса дисплейга интеграция қилинган. DBS Design ресурсининг фикрича, Samsung ўз флагманларининг навбатдаги авлодида томонларининг ўзаро нисбати 18:9, сифати эса QHD+ бўлган Infinity Display экранини қўллайди. Galaxy S9’нинг тезкор хотираси 6 ГБ, ички хотираси эса 128 ГБ ҳажмга эга бўлиши мумкин. Унинг ҳар иккала – асосий ва олд камералари қўшалоқ модуллар билан жиҳозланади, аккумуляторининг сиғими бўлса 3 600 мА/соатни ташкил этади. Қурилма Android 8.1 Oreo операцион тизим версияси бошқаруви остида ишлаши тахмин қилинаётир.

Айтиш керакки, мазкур видеолавҳада тасвирланган смартфон ҳали концепт мақомида бўлиб, 2018 йили Samsung бу флагманининг дизайни ва хусусиятларига ўзгартиришлар киритиши мумкин. Шунга қарамай, у «тўққизинчи галактика»ни сабрсизлик билан кутаётган ихлосмандлар учун умумий тасаввурлар бера олади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.