Samsung Galaxy S9 «сунъий идрок»ли процессорга эга бўлади

Samsung Galaxy S9 «сунъий идрок»ли процессорга эга бўлади

Яқинда маълум бўлишича, Samsung ўзининг навбатдаги флагманлари учун Snapdragon 845 процессорини янги алоҳида блок билан бойитади. Бу блок машинавий таълим ҳамда сунъий идрок билан боғлиқ вазифаларнинг бажарилиши учун масъулдир, деб ёзади PhoneArena.

Хабарингиз борки, аввалроқ Samsung компанияси «рақибларининг орқасига пичоқ уриб», Snapdragon 845 процессорларини бутунлай сотиб олганди. Кореялик гигант бу чиплар фақатгина Galaxy S9 моделида бўлишини (лоақал маълум бир муддатга) истагани учун шундай йўл тутган.

Аввалига барча бу қадамни монополиянинг бир кўриниши сифатида қабул қилди. Лекин сал вақт ўтиб маълум бўлдики, Samsung хитойликларнинг DeePhi Tech стартапига сармоя киритишган экан. Бу стартап «сунъий идрок» соҳасидаги ишланмалар билан шуғулланишини ҳисобга олсак, масала ойдинлашади.

DeePhi Tech стартапидагилар нейрон тармоқларининг иши учун масъул бўлган микросхемаларни сиқишнинг бетакрор архитектураси ва технологиясини яратишган. Тарқалаётган хабарларга қараганда, айнан мана шу ишланмалар натижаларини Samsung ўзининг янги чипсетларида қўлламоқчи.

Шундан келиб чиқадиган бўлсак, Galaxy S9 смартфонининг процессори ҳам, худди Kirin 970 ҳамда A11 Bionic сингари, «сунъий онг»га эга бўлади. Ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашларича, бу технология шарофати билан смартфонлар худди инсонлардек ўргана оладиган, ўйлайдиган ва кўрадиган бўлади.

Samsung яна, афтидан, ҳозирда энг илғорларидан бўлган Huawei ва Apple смартфонларининг энг аъло жиҳатларини яхшилаган ҳолда Galaxy S9 смартфонига татбиқ этса керак. Бу борадаги янгиликлардан биринчилар қаторида бохабар бўлиб туриш учун биздан узоқлашманг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.