Samsung Galaxy Tab S4’нинг техник хусусиятлари фош бўлди

  •   DiMaX
  •  343
  •  04.05.2018 08:52

Samsung Galaxy Tab S4’нинг техник хусусиятлари фош бўлди

Wi-Fi Alliance ҳужжатлари орасида Samsung компаниясининг янги планшети ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Galaxy Tab S4 русумли ушбу қурилма яқин ойларда тақдим этилиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: 2018 йилнинг энг зўр Android-планшети билан танишинг!

Мазкур девайс Wi-Fi Alliance рўйхатида SM-T835 кодли рақами билан қайд этилган. Унинг икки хил модификацияда тақдим этилиши маълум: биттаси фақат Wi-Fi тармоғини, иккинчиси эса Wi-Fi ҳамда LTE тармоқларини қўллаб-қувватлайди.

Galaxy Tab S4 планшетининг «электрон юраги» Qualcomm Snapdragon 835 процессори бўлади. Мазкур чип 2,45 ГГц.гача такт частотасига эга бўлган саккизта Kryo 280 ядросини ўзида жамлаган. Графиканинг қайта ишланиши учун эса юксак самарадорликка эга Adreno 540 тезлатгичи танланган. Уяли алоқа тармоғида 1 Гбит/сониягача тезликда маълумот алмаша олувчи X16 LTE уяли модеми кўзда тутилган.

Планшет дисплейи диагоналига 10,5 дюйм, унинг тасвир сифати эса 2560х1600 пикселли бўлиши айтилмоқда. Корпуснинг орқа панелида 12 мегапикселлик асосий камера жойлашади. Селфилар олиш учун эса олд юзада 8 мегапикселли камера жойланган.

Samsung Galaxy Tab S4 камида 4/64 гигабайт ҳажмли тезкор ва доимий хотирага эга бўлади. Унинг дастурий платформаси тарзида Android 8.х Oreo операцион тизим талқини танланган.

Ушбу гаджетнинг тақдимот санаси, бозорга чиқарилиш вақти ва нархи ҳозирча аниқ эмас. Лекин Samsung компаниясининг бундан олдинги авлод планшетлари ва кўплаб моделлардаги смартфонлари Ўзбекистонда ҳам сотувга қўйилган.

ЎҚИНГ: Тошкент шаҳрида ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш йўли билан олинадиган смартфонлар ва бошқа гаджетлар нархлари (2018 йил 28 апрель)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.