Samsung Gear S4 смарт-соати Apple Watch’дан ҳар томонлама устун бўлади

  •   DiMaX
  •  1799
  •  05.01.2018 10:49

Samsung Gear S4 смарт-соати Apple Watch’дан ҳар томонлама устун бўлади

Ўтган 2017 йилда дунё бўйича харидорларнинг «ақлли» соатларга қизиқишлари нисбатан сусайган эса-да, Samsung бу гаджет борасида фойдаланувчиларнинг фикрини ижобий томонга ўзгартириб юборишга аҳд қилган кўринади. Шу кунларда жанубий кореялик компания олган патентда унинг янги авлод смарт-соати – Gear S4 акс этган. Бу ҳақда LetsGoDigital нашри хабар берган ва девайснинг айрим чизмаларини тақдим этган. Айтиш керакки, бу соатнинг олдинги «авлод»и 2016 йили тақдим этилган эди.

ЎҚИНГ: IFA – 2016: Samsung Gear S3 Classic ва Gear S3 Frontier

Маълумотларга қараганда, Samsung корпорациясининг Gear S4 «ақлли» соати унинг «ашаддий рақиби» маҳсулоти бўлмиш Apple Watch Series 3’дан ҳар жиҳатдан ўзиб кетади – функционал имкониятларидан тортиб автоном ишлаш вақтигача.

Samsung Gear S4 учун олинган патентда тасвирланишича, унинг жамланмасида ҳатто ўз «ақлли» тасмачаси ҳам бўлиши мумкин! Яъни унга қўшимча аккумулятор бириктирилган бўлади ва мазкур тасмачанинг уланиши соатнинг автоном ишлаш вақтини деярли уч баробаргача оширади. Шунда уни икки кунда бир марта қувватлаш ҳам етарли бўлади. Бу шундан далолат берадики, жанубий кореялик техногигантнинг муҳандислари тасмачага мос келадиган – жуда юпқа ва қайишқоқ батарея яратишнинг уддасидан чиқишибди!

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, дунё бўйича смарт-соатлар бозорида Samsung иккинчи ўринда бораётган эса-да, уларнинг сотилиш ҳажмига кўра Apple’дан анча орқада. Умуман тақилувчи гаджетлар бозорида эса айни дамда жанубий кореялик корпорация атиги бешинчи ўринда келаётир.

ЎҚИНГ: Apple қандай гаджетлар бозорида Xiaomi’дан олдинга ўтиб олди?

Янги патент маълумотларига кўра, корпорациянинг Gear S4 девайсига татбиқ этилган янги технологиялардан яна бири – дисплейнинг ўзига жойланган тўлақонли бармоқ изи сканери бўлади. Афтидан, мазкур функция ёрдамида фойдаланувчилар Samsung Pay тўлов тизими орқали харидларни тасдиқлашлари ёки қандайдир махфий маълумотларга киришлари мумкин бўлади.

Мазкур «ақлли» соатнинг энг муҳим янгиликлардан яна бири эса айланувчи дисплей ҳисобланади. Уни буриш билан фойдаланувчи бошқа менюларга кириши мумкин. Муҳандисларнинг фикрича, бу усул Samsung Gear S4’дан фойдаланишни соддалаштиради. Аммо амалда бу қанчалик фойда беришини ҳозирча билиш имкони йўқ.

Айрим манбаларга кўра, Samsung ўзининг тўртинчи авлод «ақлли» соатини MWC 2018 кўргазмасида, флагман смартфони – Galaxy S9 билан бирга тақдим этмоқчи. Бу борадаги янгиликларни биз билан кузатиб боринг.

ЎҚИНГ: Швейцарияликлар Apple Watch’га жавобан «анти-ақлли соат» ишлаб чиқаришди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!