Samsung ҳам iPhone фойдаланувчиларини масхара қилди

Samsung ҳам iPhone фойдаланувчиларини масхара қилди

Samsung компанияси ҳамда унинг смартфонсозликдаги асосий рақобатчиси – Apple бир-бирининг қурилмалари, шунингдек фойдаланувчиларининг устидан кулувчи рекламалар тайёрлаб келишади. Жанубий Корея гигантининг навбатдаги реклама ролигида ҳам бунга яна бир бор гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Samsung, афтидан, рақобатда барча воситалардан фойдаланавериш мумкин, деб ҳисобласа керак. Apple эса, одатда бундай қитмирона «ҳужум»ларга парво қилмайди. Купертинолик гигант бирор ишлаб чиқарувчининг эмас, балки Android мобил операцион тизимининг устидан кулгани ҳақида ёзганмиз.

ЎҚИНГ: iPhone рекламасида Apple Android тизимини масхаралади [қисқа видео]

Samsung эса рақибининг янги iPhone X қурилмаси ҳамда унинг файдаланувчиларини майна қилувчи навбатдаги видеолавҳасини тайёрлаб тарқатди. Мана, ўзингиз томоша қилинг-да:

Купертинолик гигантнинг «юбилей айфони» расман савдога чиқарилганидан кейиноқ Samsung ўзининг флагмани – Galaxy Note 8 ҳақидаги ушбу реклама ролигини тайёрлади. Унда, ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, бир неча йил мобайнида турли авлод Apple смартфонларига содиқ бўлиб келаётган оддий инсон турли чекловларга дуч келиши ва ниҳоят, Samsung компаниясининг маҳсулотидан фойдаланишга ўтиши тасвирланган.

Айтиш керакки, Apple ҳақида масхараомуз рекламалар тайёрлаётган биргина Samsung эмас. Масалан, 2016 йили Хитойнинг OnePlus компанияси ўзининг Фейсбук саҳифасида Apple устидан кулган – iPhone 7 ва iPhone 7 Plus телефонларида қулоқчин тирқиши йўқлигини масхара қилган.

ЎҚИНГ: iPhone 7’да оддий қулоқчин учун тирқиш очиш мумкин! (+видео)

Шунингдек, 16 октябрда бўлиб ўтган Mate 10 тақдимоти арафасида Huawei компанияси ўзининг Facebook-саҳифасида антиқа видеоролик чиқарган эди. Унда Apple’нинг янги iPhone X флагмани тақдимотида Face ID функцияси айни намойиш жараёнида панд бериб қўйганини майна қилган.

ЎҚИНГ: Илк iPhone'ни рақиблар қандай майна қилгани ва йўқликка равона бўлишгани ҳақида

Хўш, Samsung’нинг бундай йўл тутганини сиз қандай баҳолаган бўлар эдингиз?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.