Samsung инқилобий смартфонини билакка тақиладиган қилмоқчи

Samsung инқилобий смартфонини билакка тақиладиган қилмоқчи

Samsung Electronics қўлга тақиладиган мобил гаджет устида иш олиб бормоқда. Унинг дисплейи букиладиган бўлишига қараганда, сирли Galaxy X айни шу қурилма бўлиши мумкин, деб ёзади SamMobile нашри.

Мазкур қурилмага оид патент ҳужжатларини SamMobile журналистлари АҚШ патентлар ва савдо белгилари бюросининг маълумотлар базасида учратиб қолишган.

Гарчи форм-фактори фитнес-браслет ёки нари борса «ақлли» соатга ўхшаб кетса-ла, янги девайснинг тавсифи унинг анчагина кўп функцияли эканини кўрсатади. Қурилманинг янгича дастурий имкониятлари унга Android’нинг тўлақонли талқини ўрнатилган бўлиши мумкинлигига ишора қилади.

Бундан ташқари, чизмаларни ўрганиш давомида аниқланишича, тақилувчи гаджетнинг дисплейи нафақат қийшайиши, балки буралиши ҳам мумкин! Буларнинг барчаси Samsung ўзининг инқилобий смартфонини билакка тақишга мослаштираётганидан дарак беради.

Ҳужжатнинг тавсифий қисмидан англашилишича, Samsung мазкур патентни рўйхатдан ўтказиш учун ҳали 2015 йилнинг август ойидаёқ ариза берган экан. Афтидан, кореялик гигант ўшандаёқ Galaxy X прототипи устида ишлашга киришган экан. Унинг тақдимоти эса 2018 йилнинг сентябрида бўлиб ўтиши кутилаётир.

Хабарингиз бор, бошқа смартфонсозлар ҳам букланувчи қурилма тайёрлаш устида иш олиб боришмоқда, аммо хитойлик ZTE улардан ўзиб кетди ва ўзгача форм-фактордаги Axon M – горизонтал тарзда букланувчи, иккита дисплейли илк смартфонни тақдим этди. Samsung’нинг буклама смартфони ҳақидаги хабарлар шу йилнинг март ойида тарқала бошлаган. Сентябрда эса компания букилувчан смартфонни сертификатлаш бўйича Корея радиотадқиқотлар агентлигига патент аризасини топширган. Galaxy X деб аталаётган ушбу модел, нархи баландлиги боис, iPhone X’дан ҳам ноёб смартфон бўлади. Apple ҳам «раскладушка» iPhone чиқармоқчи, аммо Samsung’дан чўчигани учун бу борада LG Display компанияси билан ҳамкорликда иш бошлаган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.