Samsung жаҳондаги энг енгил ноутбуклардан бирини сотувга чиқаради
Жанубий Кореянинг Samsung компанияси 13,3 дюймли экран билан жиҳозланган оғирлиги 800 грамм бўлган Samsung Notebook 9 моделини тез орада сотувга чиқаришни режалаштирган, деб ёзмоқда 4PDA сайти.
Ноутбукнинг дисплейи 180 градусга айланади, бу эса тақдимот ёки фото-сессияларни кўрсатиш жараёнида қўшимча қулайлик яратади. Қурилмада Micro Arc Oxidation (MAO) технологияси қўлланилгани туфайли у турли ташқи таъсирларга чидамли. Еттинчи авлоддаги Intel Core i5 ёки i7 процессорларида ишлайди, 80 дақиқа мобайнида гаджет батареясини 100% қувватлаш имконияти мавжуд.
USB Type-C порти орқали эса ноутбукни смартфон адаптери ёрдамида зарядлаш мумкин. Samsung Notebook 9 бармоқ изи сканери билан ҳимояланади, экран юқори ёрқинлик даражасини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, ноутбукдан ташқи шароитларда фойдаланганда дисплей ёрқинлигини оширадиган Outdoor Mode режими ҳам кўзда тутилган.
Қурилма январь ойида ўтказиладиган CES 2017 кўргазмасида намойиш этилиши кутилмоқда. Нархи ҳақида ҳозирча маълумот мавжуд эмас.