Samsung’нинг «уч кўзли» илк смартфони – Galaxy A7 (2018) тақдим этилди!

  •   DiMaX
  •  9453
  •  20.09.2018 15:28

Samsung’нинг «уч кўзли» илк смартфони – Galaxy A7 (2018) тақдим этилди!

Huawei компаниясининг P20 Pro флагмани – бош камераси учта объективга эга илк смартфондир. Samsung эса ўзгача йўл тутди – ўзининг флагманига эмас, балки ўрта нархли Galaxy A7 (2018) моделига биринчи бўлиб шу хусусиятни татбиқ этди.

ЎҚИНГ: Samsung сайтида ромсиз Galaxy A7 (2018) «қўлга тушди»

Ниҳоят, кўпчилик кутган «учкўз» Samsung Galaxy A7 расман тақдим этилди. Samsung’нинг мазкур гаджети бош камерасидаги асосий модул – 24 мегапикселли, f/1,7 диафрагмали объективдир. Иккинчи модул 8 мегапикселли ва f/2,4 апертурали кенг бурчакли (120°) сенсор ҳисобланади. Учинчи датчик эса 5 мегапикселли ва f/2,2 диафрагмали бўлиб, суратга олиш саҳналарининг чуқурлигини таҳлил қилишга масъул.

Асосий камеранинг ушбу аппарат қисмлари бир қатор дастурий режимлар билан тўлдирилган: Live Focus, Selfie Focus, Pro Lightning Mode каби. Шунингдек, унда Galaxy Note 9 фаблетидан ўзлаштирилган Scene Optimizer функцияси ҳамда AR Emoji ҳам мавжуд. Камера «сунъий идрок» технологияси билан янада бойитилган.

Табиийки, Samsung бундай камерофонда селфи учун ҳам ажойиб ечимлар таклиф этган: унинг олд камераси 24 мегапикселли, f/2,0 диафрагмали объективга ва ўз фоточақноғига ҳам эга!

2018 йилги Galaxy A7 смартфонининг диагоналига 6 дюймлик AMOLED-экрани 2220х1080 пикселли тасвир аниқлигига эга. Бу гаджетнинг «электрон юраги» сифатида максимал 2,2 ГГц такт частотасида ишловчи саккиз ядроли процессор ўрнатилган. Анъанага кўра, компания ушбу моделни тезкор ва доимий хотирасининг ҳажми 4/64, 4/128 ва 6/128 гигабайтлик вариантларда чиқаради.

Galaxy A7 (2018) аккумуляторининг ток сиғими 3300 мА/соатга тенг. Бу смартфон LTE Cat.6 модеми, икки диапазонли Wi-Fi адаптери, Bluetooth 5.0 модули (айрим вариантлари яна NFC модули) ҳамда еттита датчик билан таъминланган. Улар орасида дактилоскопик сенсорни алоҳида таъкидлаб ўтса арзийди: яқинда тақдим этилган Galaxy J6+ моделидаги сингари, бу датчик корпуснинг ўнг ён қиррасига – қурилмани ўчириб-ёқиш тугмачасига жойланган.

Жанубий кореяликларнинг ушбу смартфони Android 8.0 операцион тизими бошқаруви остида ишлайди. Унинг корпуси ўлчамлари 159,8х76,8х7,5 миллиметрга тенг, вазни эса 168 грамм тош босади. Galaxy A7 (2018) корпус рангига кўра тўрт хил: кўк, қора, тилларанг ва пушти тусли вариантларда бозорга тақдим этилади.

Galaxy A7 (2018) шу кузнинг ўзидаёқ Европа ва Осиёнинг айрим мамлакатлари бозорига чиқади. Унинг нархи ҳақида аниқ маълумот йўқ, аммо тахминларга қараганда, бу модел 400 долларга баҳоланади. Компаниянинг айрим русумлардаги смартфонлари эса Ўзбекистонда ҳам расмий кафолати билан сотилмоқда.

ЎҚИНГ: Samsung смартфонларини Terashop.uz’дан харид қилинг ва SD-картани совғага олинг! (2018 йил 31 август)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.