Samsung’нинг яна бир смартфони бенчмаркда «кўринди»

  •   DiMaX
  •  1760
  •  23.01.2018 16:50

Samsung’нинг яна бир смартфони бенчмаркда «кўринди»

Жанубий кореялик техногигантнинг навбатдаги йирик тақдимоти 26 февраль куни, MWC 2018 кўргазмаси доирасида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Шу куни компания ўзининг Galaxy S9 ҳамда S9+ флагманларини намойиш этиши режалаштирилган. Гарчи бу моделларнинг хусусиятлари ҳақида етарлича тасаввурлар шаклланган эса-да, бир-бирига зид маълумотлар ҳам учрамоқда.

ЎҚИНГ: Galaxy S9 ва S9+ янги суратлар ва видеода: орқа панелда дактилоскопик датчик йўқ!

Бироқ Samsung флагманлар тақдимотигача ҳам қўл қовуштириб ўтирмасдан, ўрта нарх доирасидаги ва ҳамёнбоп смартфонларни тайёрламоқда. Жумладан, куни кеча унинг янги – Galaxy J8 (2018) русумли қурилмаси бенчмаркда синовдан ўтказилганида «қўлга тушди».

GSMarena хабарига кўра, бу смартфон SM-J720F модел рақами остида тестдан ўтказилган. Синов натижалари эса қурилманинг хусусиятларини ошкор этди. Кўриб турганингиздек, Galaxy J8 (2018) русумли девайс синовнинг якка ядроли режимида 1208, кўп ядролисида эса 4121 балл тўплаган.

Android 8.0 операцион тизим бошқаруви остида ишловчи Galaxy J8 (2018) диагоналига 5,5 дюймга тенг HD-дисплейга эга. Унинг саккиз ядроли процессори 1,59 ГГц такт частотасида ишлайди. Самарадорликни таъминлашда унга 4 гигабайтлик тезкор хотира ҳамда ARM Mali-G71 график процессори кўмакка келади.

Galaxy J8 (2018) асосий камераси 12 мегапикселлик бўлиб, Full-HD режимида видео ҳам ёза олиши билан диққатга сазовор. Селфилар учун эса дисплей тепасига 7 мегапикселли датчик ўрнатилган.

Смартфоннинг нархи ва тақдимот санаси ҳозирча номаълум. Агарда Galaxy J8 (2018) февралнинг охиригача намойиш этилса, у Samsung’нинг янги операцион тизим талқинидаги илк смартфони бўлади.

Жанубий кореялик смартфонсознинг бошқа мобил қурилмалари эса бозорларда сотилмоқда.

ЎҚИНГ: «Малика»да Samsung смартфонларининг сўмдаги нархлари (2018 йил 12 январь)