Samsung расман Galaxy S9 тақдимот санасини маълум қилди

Samsung расман Galaxy S9 тақдимот санасини маълум қилди

2017 йилнинг якунига келиб Samsung Galaxy S9 ҳамда S9+ флагман смартфонларининг тақдимоти 2018 йилнинг илк чорагида ўтказилиши бўйича маълумотлар тарқалган эди. Намойишнинг январдан мартгача бўлган давр оралиғида бўлиб ўтиши кутилаётган эди. Кеча кореялик ишлаб чиқарувчи барча тахмин ва гумонларга нуқта қўйди.

Лас-Вегасда ўтказилаётган CES 2018 кўргазмаси доирасида Samsung'нинг мобил бизнеси президенти Жей Коҳ расман Galaxy S9 ва S9+ моделларининг тақдимот кунини маълум қилди. Унга кўра янги алоқа воситалари шу йилнинг февраль якунида Испанияда бўлиб ўтадиган MWC 2018, яъни Жаҳон мобил конгрессида, аниқроғи 26 февралда тақдим қилинади.

Galaxy S9 ҳамда S9+ анонси Samsung анъанавий ўтказиб келадиган Galaxy Unpacked 2018 тадбири доирасида бўлиб ўтади. Айтиш жоизки, Жанубий кореялик ишлаб чиқарувчи флагманини бошқалардан бир ой аввал тақдим қилади. Боиси, илғор процессорлардан илк бор фойдаланиш ҳуқуқини айнан у сотиб олган. Расмий манбанинг маълум қилишича, MWC 2018 анжуманида ишлаб чиқарувчи смартфоннинг сотувга чиқиш вақтини ҳам маълум қилади. Одатда компания флагманлари тақдимотдан кейин 2-3 ҳафта ичида сотувга чиқарилади.

Кўриниб турибдики, Galaxy S8 ва S8+ энг илғор флагманлар сифатида вазифалирини якунлашларига оз қолди. Янги моделлар кўринишидан "аждодлари"дан фарқ қилмайди, бироқ техник жиҳатдан кучли чипсет ва технологияларга эга бўладилар.

Экспертларга қулоқ тутадиган бўлсак, Galaxy S9 ва S9+ смартфонларида Samsung Exynos 9810 процессори ўрнатилади ва бу чип жаҳоннинг энг илғор "электрон юракчаси" бўлади. Гаджетлардаги камералар ҳам Galaxy Note 8'даги каби илғор бўлади.

Ҳозиргача маълум ахборотларга кўра, Galaxy S9 ва S9+ флагманларининг Super AMOLED экрани олд панелнинг 90% қисмини эгаллаб олади. 5,8 дюймли дисплейдаги пикселлар сиғими 2960 х 1080 (QHD+) белгини ташкил қилади. Юқори 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 845 (АҚШ учун) процессори унинг яна бир кучли томонидир.

Флагманлар 4/6 ГБ тезкор ҳамда 64/128 ГБ доимий хотира талқинида сотувга чиқарилади. Шунингдек, microSD ёрдамида доимий хотирани 512 гигабайтгача катталаштириш мумкин. Уларнинг корпуси IP68 стандарти бўйича ҳимояланган бўлади. Смартфонларнинг iPhone X каби, Face ID сканерига эга бўлиши ҳам кутилмоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.