Samsung смартфон ва планшетларининг Android 8.0 Oreo’гача янгиланиш вақти айтилди

  •   DiMaX
  •  1700
  •  25.10.2017 11:12

Samsung смартфон ва планшетларининг Android 8.0 Oreo’гача янгиланиш вақти айтилди

Барча йирик смартфонсозлар қатори, Samsung компанияси ҳам аллақачон ўз қурилмалари учун Android операцион тизимининг 8.0 Oreo талқинини синовдан ўтказмоқда. Бироқ тўлиқ янгиланишлар қачон чиқиши ҳозиргача номаълум эди. Яқинда компаниянинг Туркиядаги ваколатхонаси сайтида бу ҳақда маълумот эълон қилинди.

Кутилмаганда чиқарилган бу хабарда янгиланишларнинг тахминий муддати ҳамда улар билан тақдим этилиши кутилаётган асосий ўзгаришлар акс эттирилган.

«Ҳурматли истеъмолчилар, Android 8.0 Oreo тажрибавий талқини устида иш бошланган. Сиз учун янги операцион тизимни келаси йилнинг бошидан тақдим этишга ҳаракат қилмоқдамиз», дейилади бу сайтдаги маълумотда.

Айтиш керакки, ўтган гал ҳам Samsung ўз қурилмалари учун Android 7.0 Nougat тақдимотини йилнинг бошида тақдим этган эди.

Samsung ўз фойдаланувчиларига Android 8.0 Oreo тизим талқини билан қуйидаги имкониятлар тақдим этилишини ваъда қилмоқда:

  • самарадорлик ва автономликни яхшилаш учун иловаларнинг фонда ишлашини оптималлаштириш;
  • янги смайликлар;
  • «расм ичида расм» режими;
  • иловаларнинг белгичаларида «қалқиб чиқувчи» билдиришномалар;
  • матннинг смарт-белгиланиши;
  • тунги режим.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Android 8.0 Oreo’гача янгиланувчи Samsung смартфон ва планшетлари рўйхатини ҳам эълон қилганмиз.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!