Samsung смартфонларига Android Oreo тақдим этилиш санаси маълум қилинди

  •   DiMaX
  •  1753
  •  10.03.2018 10:48

Samsung смартфонларига Android Oreo тақдим этилиш санаси маълум қилинди

Жанубий кореялик техногигантнинг Туркиядаги офиси очган махсус сайтда компаниянинг Galaxy смартфонлари учун Android 8.0 Oreo талқини тақдим этилиш санаси маълум қилинган. Ундаги маълумотлар фақат Туркия ҳудуди учун долзарб бўлиши ҳам мумкин, аммо улар бутун дунё бўйлаб Samsung’нинг ақлли телефонлари учун янги талқиндаги прошивка чиқарилиш вақти ҳақида умумий тасаввур бера олади.

ЎҚИНГ: Ҳамёнбоп Galaxy J3 (2018) ҳамда Galaxy J3 Pro 2018 смартфонлари Geekbench’да «қўлга тушди»

Samsung рўйхатида биринчи бўлиб Galaxy Note 8 фаблети турибди, айрим ҳудудларда у аллақачон янгилана бошлаган. Туркияда эса унинг учун Android Oreo талқинидаги прошивка 30 март куни тақдим этилади. Тахминан шу вақтга бориб бутун дунёда ҳам Note 8’лар ушбу талқинга эга бўлса керак.

Galaxy S7 ҳамда S7 Edge моделлари расман 13 апрелда Android 8.0 Oreo талқинигача янгиланади. 25 майга бориб эса Galaxy A5, A7 ҳамда A3 2017 смартфонларига ҳам янги прошивка келади.

Компаниянинг Galaxy S8 смартфони прошивкаси аллақачон бу талқингача янгиланишни бошлаган. Гарчи бир неча ой чўзилган бета-тестларда синалган бўлса-да, унинг якуний вариантида ҳам барибир нуқсон бор экан. Яъни, Android 8.0 Oreo’гача янгиланган Galaxy S8 смартфонлари эгалари уларнинг ўз-ўзидан ўчиб-ёниши ҳолатларидан кўп шикоят қилганлар. Натижада Samsung апдейтни вақтинча тўхтатиб туриб, камчиликларини тўғрилаб, икки ҳафтадан сўнг яна тарқатган.

ЎҚИНГ: Сирли рўйхат: Samsung бу йил тақдим қиладиган смартфонлар

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!