Samsung яна рақибларининг орқасига пичоқ урди

Samsung яна рақибларининг орқасига пичоқ урди

Samsung компанияси яп-янги, шунингдек навбатдаги энг самарали платформа бўлиши кутилаётган Snapdragon 845 процессорининг илк партиясини бус-бутунлигича харид қилди. Натижада, бошқа рақиблар яна қуруқ қоладиган кўринади ва 2018 йилнинг мартида намойиш қилинадиган Galaxy S9 ҳамда Galaxy S9+ мазкур кучли Андроид-чипга эга навбатдаги илғор флагманлар бўлишади.

Snapdragon 845 самарадорликда Apple'нинг энг кучли A11 Bionic процессорига қарши курашади. Snapdragon 845 — Qualcomm'нинг 10 нанометрли техник жараёнда маълумотни қайта ишлайдиган иккинчи чипи бўлади. Унга ёрдамчи сифатида Adreno 630 чипи видео-картаси ҳам тайёрланмоқда. Snapdragon 845'даги LTE-модем Cat.20 стандартида секундига 1,2 Гбит маълумотни (5G) юклаб олади.

businessinsider нашрига кўра, Samsung ва Qualcomm ўртасида имзоланган битимга кўра, кореялик ишлаб чиқарувчи янги чипдан биринчилардан бўлиб ва эҳтиёжи доирасида фойдаланади. Шунингдек, эксклюзив шартномага кўра, Samsung Galaxy S9'нинг илк партияси савдога чиқарилганидан кейингина Qualcomm илғор Snapdragon 845 процессорини бошқа смартфон ишлаб чиқарувчиларига сотади.

Samsung сўнгги 2 йилдан буён бозордаги рақобатда ғолиб чиқиш учун мана шундай адолатсиз "ўйин" режасини тузмоқда. Аввалги йил ҳам Snapdragon 835 чипига нисбатан қўлланилган шундай сиёсат боис, LG компанияси ўзининг янги G6 флагманига эскироқ -- Snapdragon 821 процессорини ўрнатишга мажбур бўлган эди ва яхшигина иқтисодий инқирозга юз тутди. Бошқа ишлаб чиқарувчилар эса флагманларини кечикиб бозорга чиқаришга мажбур бўлишди.

2018 йилда ҳам, қатор флагманлар, жумладан Xiaomi Mi7 ҳам айнан шу туфайли 2-чоракда тақдим қилинади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.