SanDisk жаҳондаги энг сиғимдор флешкани сотувга чиқармоқда

SanDisk жаҳондаги энг сиғимдор флешкани сотувга чиқармоқда

Western Digital компаниясига қарашли SanDisk бренди мобил қурилмаларнинг ички хотирасини кенгайтиришга мўлжалланган сўнгги авлод MicroSD флешкаси маълумот сиғимини 2 баробарга оширди. Бунинг учун компанияга 2 йил вақт керак бўлди.

SanDisk 2015 йилда тақдим қилган 200 гигабайтли MicroSDXC хотира флешкаси гигант миқдордаги маълумотни сиғдира олиши билан бутун дунёни лол қолдирган эди. 2016 йилда 256 гигабайтли Extreme MicroSDXC номли хотира картаси тақдим қилинди. Куни кеча эса Германияда Western Digital компанияси жаҳоннинг энг йирик хотира сиғимига эга 400 гигабайтли MicroSD картасини намойиш қилди.

SanDisk Ultra MicroSD UHS-I 400GB хотира картаси юқори тезкорликка эга бўлиб, секундига 100 мегабайт маълумот ёзиш салоҳиятига эга.  SanDisk бу флешканинг Android смартфонлар ва планшетлар учун қулай қурилма эканига ишонади. Ишлаб чиқарувчининг сўзларига кўра, флешка минутига 1,200 та суратни узатиш қобилиятига эга. Шунингдек, флешкага 40 соат ҳажмидаги HD видеоларни жойлаштириш мумкин.

2016 йилнинг ноябр ойида қўшимча хотира карталари бўйича масъул SD Association ташкилоти хотира карталарининг маълумотни ўқиш ва ёзиш тезкорлигига кўра, уларни муайян синфларга бўлган эди. 400GB SanDisk картаси "A1" синфига мансуб деб топилган. Яъни, флешка илова ва ҳужжатларни ёзиб олиш ва узатишда катта имкониятларга эга.

SanDisk ҳар бир хотира картасига  чекланган 10 йиллик кафолатни беради. Жаҳоннинг энг сиғимдор MicroSD картасининг баҳоси ҳам чакки эмас: $249.99 доллар.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!