"Селфипараст"лар учун кучли смартфон тақдим қилинди

26 март куни Хитойда етакчи смартфон ишлаб чиқарувчиларидан бўлган Oppo компанияси Oppo F7 смартфон моделини тақдим қилди. Ташқи кўриниши серҳашам, селфи суратлар учун зарур илғор камера билан таъминланган мобил қурилма кўринишидан iPhone X ҳамда iPhone 8 флагманларини эсга солади.

Oppo F7 корпуси шишада тайёрланган. Орқа панелда бармоқ изи сканери жойлаштирилган. Кўпчилик аёллар учун ёқимли хабар -- смартфоннинг қизил рангдаги талқини ҳам биратўла сотувга чиқарилади. Бу талқин кўринишидан янада диққатга сазовор.

Oppo F7 мобил телефони 6,23 дюймли, IPS матрицали, пиксел сиғими Full HD+ (2280 га 1080 пиксел) бўлган, шу билан бирга томонлари нисбати замонавий -- 19:9 стандартли экранга эга бўлган.

Унинг платформа самарадорлиги учун 8 ядроли MediaTek Helio P60 процессори, 4/6 гигабайтли тезкор ҳамда 64/128 гигабайтли доимий хотира масъул бўлган. microSD бўлмачаси ёрдамида смартфоннинг доимий хотира сиғимини 256 гигабайтгача катталаштириш мумкин.

USB Type-C универсал порти орқали Oppo F7 корпусига жойлаштирилган ва электр токи сиғими 3400 мА соат бўлган аккумулятор батареясини тезкор қувватлаш мумкин.

Oppo F7 моделининг қолган муҳим жиҳатлари қаторида 16 мегапикселли бош ҳамда 25 мегапикселли суратлар олувчи олд камерани айтиш мумкин. Айниқса, олд камерада "сунъий ақл" тизими орқали суратни янада гўзаллаштирувчи Beauty 2.0 функцияси жорий қилингани кўпчилик селфи ишқибозлари учун айни муддао бўлди. Хусусан, бу функция "портрет" режимида самарали ижод қилишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, олд панелдан ўрин эгаллаган илғор фотокамера эвазига Oppo F7 смартфони Face Unlock функциясини ҳам қўллаб-қувватлайди. Унинг ёрдамида фойдаланувчи мобил телефонни қиёфаси орқали блокировкадан чиқариши мумкин.

Oppo F7 корпусида Wi-Fi 802.11ac (2,4 ГГц + 5 ГГц), Bluetooht 4.2 LE, GPS, A-GPS, ГЛОНАСС ҳамда 4G тармоғида VoLTE овозли алоқа технологиясини қўллаб-қувватлайдиган модуллар учун жой ажратилган.

Мобил қурилма бир вақтнинг ўзида иккита SIM-картада ишлай олади.

Телефон ўлчамлари: 156 x 75,3 x 7,8 мм, вазни эса 158 грамм.

Oppo F7 қадоқдаёқ Android 8.1 Oreo'нинг ўзлаштирилган ColorOS 5 операцион тизими бошқарувида ишлайди.

Афсуски, телефонда яқин масофада контактсиз, яъни смартфон орқали тўловни амалга оширишга ёрдам берадиган NFC модули йўқ.

Oppo F7 бир неча кунлардан сўнг қора, тилла ранг, кумуш ҳамда қизил рангли корпусларда сотувга чиқарилади.

Oppo F7 базавий моделида 4 гигабайтли тезкор ва 64 гигабайтли доимий хотира мавжуд. Ушбу талқин савдога $339 нархида чиқарилади. Нисбатан илғор, яъги 6 гигабайтли тезкор ва 128 гигабайтли доимий хотирага эга талқин эса $416 долларга баҳоланган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.