Сенсация: LG G6 бир сутка муз ичида «жон сақлади»!

  •   DiMaX
  •  1221
  •  09.03.2017 15:14

Сенсация: LG G6 бир сутка муз ичида «жон сақлади»!

Барселонадаги MWC 2017 кўргазмасида LG томонидан тақдим этилган G6 смартфони компаниянинг ажралмас корпусли, шунингдек IP68 стандартига кўра сувдан ҳимояланган илк флагмани бўлди. Бу – мазкур девайс бир метрдан ортиқ чуқурликдаги сув тубига узоқ муддатли шўнғишга ҳам дош бера олади, деганидир.

Бундан ташқари, LG G6 модели мустаҳкамлик бўйича MIL-STD-810 ҳарбий сертификатига ҳам эга. Видеоблогер Макс Ли мазкур смартфонни деярли бир суткалик муддатга музлатиб қўйиб, ҳақиқий синовдан ўтказишга қарор қилди.

Айтиш керакки, IP68 ҳимоясига эга қурилмаларнинг ҳар бири ҳам музлатиш синовидан ўтиб, яна иш қобилиятини сақлаб қола олмайди. Тўғри, совуқдан қўрқмайдиган смартфонлар ҳам бор, аммо муз ичида қолиш…

Хулласи калом, LG G6 флагманини шу жиҳати бўйича текшириш учун, видеоблогер уни сувли идишга солиб, музлатгичга тиқиб қўйди. Шу тариқа, смартфон учун 22 соатлик «музлик даври» жорий этилди.

Шу муддатдан сўнг музни эритиш жараёнида, кутилмаганда девайс «кўзларини очди» – унинг экрани ёнди. Муздан тўлиқ ажратиб олиниб, тозалангач эса LG G6 ҳеч бир муаммосиз ёқилди ва одатдагидай ишлаб кетаверди!

Биз эса ҳар қандай моделдаги смартфон эгаларига мазкур синовни такрорлаб кўришни маслаҳат бермаймиз. Қурилмалар устида ўтказиладиган синовларнинг оқибатига ўзингиз масъул эканингизни яна бир бор эслатиб ўтамиз.