Шавкат Мирзиёевга «E-tarozi» дастури ҳақида маълумот берилди

Шавкат Мирзиёевга «E-tarozi» дастури ҳақида маълумот берилди

Ўзбекистон Президентига «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан 2017 йилги пахта хом ашёсини электрон тарози орқали «E-tarozi» дастурида қабул қилиш ва ушбу жараёнга «Фотофиксация» тизимини самарали жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди, деб ёзади Daryo.uz.

«Ўзпахтасаноат» тизимидаги 98 та пахта тозалаш корхонасига қарашли барча пахта тайёрлов масканларида ўтган йили ўрнатилган электрон тарозилар ва кузатув камералари мавсумга шай қилиб қўйилган.

2017 йилги пахта ҳосилини қабул қилишда, шунингдек, пахта қабули кўрсаткичлари бўйича тайёрланадиган ҳисоботлар очиқлигини таъминлаш ҳамда ушбу жараёнда инсон омилини қисқартириш мақсадида замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этилмоқда.

Бундай ахборот тизимида қабул қилинаётган пахта хом ашёси электрон тарози орқали «E-tarozi» дастурида ўлчаниб, пахта ташиб келтирган транспорт воситаси кузатув камералари орқали синхрон тарзда тасвирга олинади, яъни фотофиксация қилинади.

Тасвирда сана, транспорт воситасининг рақами, фермер хўжалигининг номи, топширилган хом ашёнинг вазни акс эттирилади. Бу ҳосилни қабул қилиш жараёнида моддий жавобгар шахсларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Кунлик қабул қилинган пахта хом ашёси тўғрисидаги маълумотлар марказий базага онлайн тарзда киритиб борилади. Бу, ўз навбатида, республика, вилоятлар, туманлар, секторлар (ҳоким, прокурор, ички ишлар ва солиқ идоралари), фермер хўжаликлари кесимида қабул қилинган пахта хом ашёсининг марказлашган ҳисоботи шаклланиши тезкорлигини, маълумотлар очиқлигини таъминлаб, терим отрядлари самарадорлигини ҳам таҳлил қилишга замин яратади.

Жорий йилги пахта ҳосилини йиғиб олиш мавсумида барча пахта тайёрлов масканлари лабораторияларига кузатув камералари ўрнатилди. Энди фермерлар ёки уларнинг ишончли вакиллари лабораториядаги иш жараёнини жонли тарзда кузатиш ва овозини эшитиш имконияти эга бўлди.

Пахта тайёрлов масканларида татбиқ этилган «E-tarozi» дастури маълумотлар базасининг «Агробанк» марказий сервери билан интеграцияси (маълумот алмашинуви) жонли тарзда йўлга қўйилди.

Мутасаддиларга ушбу замонавий тизимни янада такомиллаштириш ва амалиётга кенг татбиқ этиш бўйича топшириқлар берилди.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!