Шерзод Шерматов: “Саноат инқилобининг сабабчиси — инновация”

Шерзод Шерматов: “Саноат инқилобининг сабабчиси — инновация”

Дунёдаги “энг бахтли болалар” — ўзбекистонлик болалар. Лекин Ўзбекистон жаҳоннинг илғор мамлакатлари қаторига қўшилиши учун бу болалар камида Жанубий Кореядаги тенгдошлари каби “бахтсиз” бўлмоғи лозим. Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматов Халқаро пресс-клубнинг 17-май куни бўлиб ўтган сессиясида худди шундай фикр билдирди.

“Саноат инқилобининг сабабчиси — инновация. Инновация одамларнинг билими ва янгиликларидан келиб чиқадиган нарса. Бугунги кунда дунёдаги энг бой бешта компания ахборот технологиялари соҳасида фаолият кўрсатади. Аввалги даврларда эса нефт компаниялари ва бошқа ишлаб чиқариш компаниялари энг бойлар қаторида бўлган. Ахборот технологиялари компаниясининг заводи ёки нефт кони йўқ, унинг асосий бойлиги — инсон интеллекти, яхши мутахассис.

Шундай экан, фарзандларимиз ўз устида ишлаши керак. Афсуски, биз ўзбеклар болаларни жуда аяб, уларни кўп эркалатишга ҳаракат қиламиз.

Мисол учун, Жанубий Кореяни олайлик. Бу мамлакат очарчилик ёқасидаги ўлкадан энг ривожланган давлатлар даражасигача кўтарила олди. Бу натижага оғир меҳнат ва таълим туфайли эришилган. Кореялик болаларни “дунёдаги энг бахтсиз болалар” деб аташади. Бу нима дегани? Бола эрталаб мактабга боради. Мактабдан кейин қўшимча дарсларга, ундан кейин репетиторга қатнайди. Охир-оқибат, мамлакат раҳбарияти болаларнинг тунги соат 00:00 дан кейин дарс қилишини тақиқловчи қонун қабул қилишга мажбур бўлди. Агар шу қонун бўлмаса, ота-оналар болаларини ярим тундан кейин ҳам ўқитган бўларди. Чунки, одатда, корейс оилаларида битта фарзанд бўлади. Ота-оналар якка боласи келажак ҳаётда ўз ўрнини топиши учун эрталабдан кечгача ўқитади.

Бизда, Ўзбекистонда эса “энг бахтли болалик”. Бола тушгача мактабга боради — ҳозир бекорга давомат масаласи кўтарилмаяпти: мактабга бормайдиганлар ҳам кўп. Дарсдан кейин эса мазза қилиб ўйнаб юради.

Ёшларимизнинг бошқалардан ҳеч қандай кам жойи йўқ. Дастурлашни ҳунарга айлантириш бўйича лойиҳа тузганмиз. Йигит кишига етмиш ҳунар оз, дейдилар. Бу ҳунарни болаларимиз ўрганмоқда. Ҳатто етти ёшли бола ҳам дастурлашни ўрганмоқда. Мен ҳайрон қолганим шундаки, бир ота-она етти яшар боласини мажбурлаб шу курсга берди. Тўққиз ёки ўн ёшли болалар ота-онасига ўзи яратган ўйинларни тақдим этмоқда. Бу нафақат боланинг қизиқишини ошириб, унга янгича фикрлашга ўргатади, балки ўзига бўлган ишончини ҳам оширади.

Фарзандларимизни иложи борича ёшлигидан чет тилларига, математикага, физикага, табиий фанларга ва дастурлашга ўқитишимиз керак”.

Манбаа: daryo.uz

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!