Швейцарияликлар Apple Watch’га жавобан «анти-ақлли соат» ишлаб чиқаришди

  •   DiMaX
  •  1885
  •  30.05.2017 17:27

Швейцарияликлар Apple Watch’га жавобан «анти-ақлли соат» ишлаб чиқаришди

Икки асрдан буён ўта аниқ ишловчи механизмлар ишлаб чиқараётган H. Moser & Cie компанияси «анти-ақлли соат» яратди. Swiss Alp Watch Zzzz деб аталувчи бу қурилма ташқи кўринишидан Apple Watch’нинг айнан нусхасига ўхшайди. Аммо унинг ягона «ақлли» функцияси – вақтни кўрсатишидир! Bloomberg хабарига кўра, соатсозлар бу маҳсулотни «тақилувчи гаджетларга қарши декларация», дейишмоқда.

Муносиб рақобатчи

Market Watch нашрининг ёзишича, тўғри тўртбурчак шаклидаги корпус ҳамда рақамларсиз, тўқ рангли циферблат худди Apple «ақлли соат»ининг корпуси ва циферблатига ўхшайди. Унинг нархи ҳам қимматбаҳо металлардан ясалган энг қиймати баланд Apple Watch соатларидан қолишмайди – нақ 27 минг АҚШ доллари!

Zzzz моделининг корпуси 18 қиротлик оқ тилладан ва бриллиантлардан ясалган, унга сапфир ойна қўйилган. Соатнинг орқа томони эса шаффоф, шу ердан унинг механизми ишлашини кузатиш мумкин.

Соатнинг орқа томонидан унинг ички механизмлари ишлашини кўриш мумкин

Соат икки вариантда ишлаб чиқарилмоқда – қора ва кўк циферблатда, бу эса, ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, «соатсозликдаги Инь ва Янь санъати намунаси» экан. Соатнинг тасмачаси ҳам икки хил – аллигатор терисидан ишланган тўқ рангли ҳамда куду антилопаси терисидан ишланган оч рангда тақдим этилади. Уларнинг классик кўринишдаги қистиргичи эса тилладан ясалган.

«Тақиладиган «совуқ электроника» гаджетларига жавобан биз механик соат қалбини тақдим этамиз. У қўлдан қувватланади (яъни, қўлнинг силкинишидан қувват олиши назарда тутилган) ва қувватлашсиз ҳам тўрт кунгача ишлай олади», дея изоҳлашди H. Moser & Cie вакиллари.

Шунчаки соат эмас

H. Moser & Cie компаниясининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассиси Натали Кобос сўзларига кўра, «анти-ақлли соат» шунчалик эксклюзив маҳсулотки, бугунги кунгача атиги 20 дона ишлаб чиқарилган. Шу партиянинг 90% қисми аллақачон сотилган. У яна бир жиҳатни таъкидлади – негадир кўк циферблатли, Brrrr дея антиқа номланган модели кўпроқ харидоргир экан.

Swiss Alp Watch Zzzz соатининг Apple Watch дизайнида ишланган оммабоп Brrrr версияси

Шу кунгача сотилган соатлар харидорларининг тенг ярми Осиё мамлакатларидан, 25 фоизи Европадан ва қолган чораги Яқин Шарқ мамлакатларидан экан. АҚШдан ҳозирча қизиқиш билдирувчилар бўлмаган.

«Бу шунчаки соат эмас. Бу – декларация», дея таъкидлайди Натали Кобос. Унинг сўзларига кўра, тақилувчи гаджетларнинг афзалликлари ва камчиликлари борасидаги баҳсларда Swiss Alp Watch Zzzz муҳим роль ўйнайди.

Энг қизиғи – «анти-ақлли соат»ларнинг ўз логотипи йўқ! «Логотипсиз ҳолида ҳам соатларга талаб ортиб бораётгани – бизнинг тўғри йўлда эканимиз исботидир», дейишади ишлаб чиқарувчилар.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.