Skype овозни синхрон таржима қилади

Skype овозни синхрон таржима қилади

Skype хизматида овозни синхрон усулда таржима қилиш янги функцияси пайдо бўлди. Skype Translatorни овозли ва видеоқўнғироқларда ишлатишингиз мумкин. Янги функция реал вақтда инглиз, немис, хитой, француз, итальян ва испан тилларидан овозли таржима қилади. Эслатиб ўтамиз: Skypeда ёзма таржима ҳам мавжуд бўлиб, хабарларни 50 тилдан ўзаро таржима қилади.

Skype Translator ишга туширилиши ҳақида 2014 йил охирида Microsoft вакиллари гапирган эди. Декабр ойида эса тест режимида ишлаган Skype фақат инглиз ва испан тилларини ўзаро таржима қилган.

Skype Translator лойиҳаси учун Microsoft синхрон таржимонларнинг катта жамоасини ишга олибди, деб ўйламанг. Овозли нутқни машина аниқлайди, “ўқийди” ва автоматик тарзда таржима қилади. Дастурни яратувчиларнинг айтишларига кўра қанча кўп одам сўзлашса, таржима шунча равонлашиб бораверади.

Янги хизматдан энг биринчи бўлиб Windows 7, Windows 8 ва Windows 10 фойдаланувчилари баҳраманд бўлдилар. Ҳозирча бошқа операцион тизимларда бу хизматни йўлга қўйиш ҳақида мутахассислар индашмаяпти. Шунга қарамасдан жаҳоннинг кўп тилларида синхрон таржима хизматини тақдим этиш Skype Translatorнинг бош мақсади эканлиги аён.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!