Смартфонингиз «қотиб» ишлаётган бўлса...

  •   DiMaX
  •  11488
  •  16.02.2018 11:49

Смартфонингиз «қотиб» ишлаётган бўлса...

Ҳозирда тезкор ва ички хотираси йирик ҳажмли кўплаб смартфонлар тақдим этилмоқда, лекин фойдаланувчилар ишлатаётган телефонларнинг аксарияти  бу жиҳатдан унча юқори кўрсаткичларга эга эмас. Шундай экан, фойдаланиш жараёнида улар «оғирлашиб», чала ишлаб, «қотиб», орада ўчиб қолиши ҳоллари учрайди.

ЎҚИНГ: Компьютер ва смартфонлар бузилишининг бош сабаблари

Кэшни тозалаймиз

Агарда сизда ҳам шу каби муаммолар учраётган бўлса, биринчи навбатда қурилмангизни ортиқча файллардан тозалашингиз лозим. Кэшни ва хотирани тозалаш орқали смартфонингизни анчагина енгиллаштириб олишингиз мумкин. Буни амалга ошириш учун эса, девайсингизнинг операцион тизимидан келиб чиқиб, қуйидаги мақолаларимиздан бирида келтирилган тавсияларга назар солинг:

ЎҚИНГ: iPhone ёки iPad кэши ва хотирасини тозалаймиз

ЎҚИНГ: Android’да кэшни тозалаймиз

Агарда тозалашдан кейин ҳам смартфонингиз тезлашиб кетмаса, унда масала жиддийроқ кўринади. Энди бошқа айрим созламаларни узиб қўйиш орқали уни енгиллаштиришга ўтамиз. Жумладан...

«Google қидируви»ни узиб қўямиз

Дастлабки созламаларига кўра, Android-смартфонларда «Google қидируви» («Поиск Google») сервиси фаол ҳолатда туради. Биттагина шу сервисни узиб қўйиш ёрдамида ҳам телефонни тезлаштириш мумкин.

Фақат ёдда тутинг: «Google қидируви» сервисини узиб қўйсангиз, смартфонингизда овозли қидирув ҳамда Google Now иловаси ишламай қолади. Тўғри, булар жуда қулай, аммо ҳамиша улардан фойдаланмаслигингизни инобатга олсак, смартфонингизнинг тезлашгани фойда.

«Google қидируви» сервисини узиб қўйиш Google Chrome браузеридаги оддий қидирувга асло таъсир этмайди, фақатгина овозли матн териш ва овозли қидирув ишламайди, холос.

Хуллас, «Google қидируви»ни узиб қўйишга қарор қилган бўлсангиз, буни қуйидагича амалга оширамиз:

«Созламалар» («Настройки») иловасини очиб, у ердаги «Иловалар созламалари» («Приложения») бўлимига кирамиз. Одатда бу бўлимда айни дамда ишлаётган иловалар, қўшимча юкланган иловалар, барча иловалар алоҳида варақаларда кўринади. Шу ердан «Все» – барча иловалар акс эттирилган варақага ўтамиз.

Топиш осон бўлиши учун, иловаларни ҳажми бўйича («Упорядочить по размеру») саралаймиз. Энди улар орасидан «Поиск Google» (ёки «Google Search»)ни топиб, устига босамиз. Очилган ойначада кетма-кет тарзда иловани «Тўхтатиш» («Остановить»), «Узиб қўйиш» («Выключить»), «Маълумотларни ўчириш» («Стереть данные») ҳамда «Кэшни тозалаш» («Очистить кэш») амалларини бажарамиз.

Энди смартфонингизни битта ўчириб-ёқсангиз, натижа яққол намоён бўлади. Шундаям гаджет тезлашиб кетмаса, у ҳолда «Hard Reset» усулига мурожаат этишга тўғри келади.

«Hard Reset» орқали тезлаштирамиз

Айтиш керакки, бу – смартфонингизни тезлаштириш учун уни илк созламаларига қайтариш усулидир. Дастлабки созламаларига қайтариш – бошқа усуллар фойда бермаганида қўлланадиган охирги чора ҳисобланади. Зеро, бунда барча маълумотлар, жумладан, ундаги аккаунт, логин ва паролларингиз, фото ва видеоларингиз ҳамда бошқа файлларингиз ҳам буткул йўқолиб кетади.

Шу боис ҳам дастлаб уларни Google аккаунтингиз орқали синхронизация қилиб қўйинг. Кейин эса, созламалари яп-янгидек бўлиб қолган қурилмангизга ўша аккаунтингизни киритиб, яна синхронлашингиз мумкин.

Шунингдек, бу жараённи бошлашдан аввал, ҳар эҳтимолга қарши, унинг доимий хотирасидаги барча файлларингизни компьютерга кўчириб олиб қўйиш ҳам зарар қилмайди.

«Hard Reset» усули орқали смартфонни тозалаш ва тезлаштириш ҳақида қуйидаги мақоламиздан батафсил маълумот олишингиз мумкин:

ЎҚИНГ: Android созламаларини дастлабки ҳолатига қайтариш

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.