Смартфонларнинг 25% га қимматлашуви кутилмоқда

Смартфонларнинг 25% га қимматлашуви кутилмоқда

2017 ҳамда 2018 йилларда жаҳон смартфон бозорида кучли, шу билан бирга қиммат смартфонлар сони кўпайиб кетди. Мисол учун, Apple iPhone X флагмани бугунги кунда 1400 АҚШ долларидан, Samsung Galaxy S9 флагмани 1000 АҚШ долларидан сотилмоқда. Харидорлар ҳам қимматбаҳо гаджетлар учун сўралган нархни тўлашдан қайтмаяптилар.

Бундай "осмондаги" нарх-наволар ҳали ҳолва бўлиб қолиши мумкин. Сабаби, яқинда смартфонлар нархи жаҳон миқёсида 25 фоизга ошиши мумкин. Яъни, тахминан тўртдан бир баробарга. АҚШ ҳукумати қабул қилишни режа қилган қонун бу ҳолатга сабабчи бўлиши мумкин.

АҚШ президенти бошқарувининг маълум қилишича, ҳукумат яқинда қабул қилишни режа қилаётган қонунга кўра, энди Хитойдан импорт қилинаётган маҳсулотларга 25% миқдорида солиқ тўланади. Бу ерда гап 300 турдан зиёд маҳсулотлар, жумладан смартфон, планшет, роутер, камера, ноутбук ва бошқа товарлар хусусида кетмоқда.

Экспертларнинг сўзларига кўра, бу орқали АҚШ иқтисодиёти йилига қўшимча $60 млрд доллар фойда кўради.

Оқ уйнинг маълум қилишича, Осмоности мамлакатида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга қўйилаётган 25% миқдоридаги солиқ Хитой ҳукумати билан юзага келаётган келишмовчиликлар билан боғлиқ. Аниқроғи, Хитойдаги электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниялар Американинг Microsoft, Apple, Google, Intel, Qualcomm ва бошқа етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг интеллектуал мулкларини, патентларини ноқонуний ўзлаштирмоқдалар. Хитой ҳукумати эса бунга қарши чора кўрмаяпти, аксинча маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантирмоқда. Шу билан бирга, Хитой АҚШ га тегишли бир қанча технологик ишланмаларни ноқонуний ўзлаштирмоқда.

Америка Қўшма Штатлари президентининг маъмуриятига кўра, ҳар йили мамлакатга Хитойдан $375 млрд доллар миқдоридаги маҳсулотлар импорт қилинади. Дональд Трамп бу маблағни яқин йиллар ичида $100 млрд долларга камайтиришни режа қилмоқда. Бу эса АҚШ ни маҳсулот масаласида Хитойга қарамликдан халом қилади ҳамда мамлакатда янги иш ўринларини яратиш учун ҳисса қўшади.

Шу билан бирга, АҚШ ҳукумати Apple'дан iPhone смартфонларини ҳам Америкада ишлаб чиқаришни талаб қилмоқда.

Бундан келиб чиқадики, агар АҚШ бу қонунни қабул қиладиган бўлса, барча смартфонлар 25% га қимматлашади. Мисол учун, ҳозир iPhone X баҳоси $1400 доллар бўлса, қонунда белгиланган солиқ билан унинг нархи $1750 долларга айланади.

Apple маҳсулотлари маҳаллий бозорда энг арзон бўлиши учун ишлаб чиқарувчи жаҳоннинг бошқа ҳудудларида ҳам маҳсулотлари нархини 25% га оширишга мажбур бўлади. Жаҳоннинг деярли барча смартфон ишлаб чиқарувчи корпорациялари нархни шакллантиришда ягона тамойилга асосланадилар. Шу сабабли, АҚШ даги нарх-наво сиёсати бутун жаҳон смартфон бозоридаги ҳолатга салбий таъсир кўрсатади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.