Смартфонни бурун ёрдамида бошқарувчи «ақлли» кўзойнак яратишди! (+видео)

Смартфонни бурун ёрдамида бошқарувчи «ақлли» кўзойнак яратишди! (+видео)

Смарт-кўзойнакларга виртуал реаллик, тўлдирилган реаллик ва ҳоказо технологиялар юкланиб турган бир замонда, олимлар унга янгича функция қўшишди. Энди «ақлли» кўзойнак телефонни бурун ёрдамида бошқариш имконини беради, деб ёзади The Verge портали.

Янги ишланма Жанубий Корея, Япония ва АҚШ олимларининг ҳамкорликдаги фаолияти маҳсулидир. Янги гаджетга учта электроокулографик датчик ўрнатилган, улар инсон танасининг электростатик потенциалини ўлчаб туради. Бунақа датчиклар одатда шифокорлар томонидан, беморнинг кўз фаоллигини қайд этишда қўлланади. Шунингдек, кино саноатида ҳам электроокулографик датчикдан фойдаланилади: улар компьютер графикаси ёрдамида яратилган персонажларнинг кўз ҳаракатларини жонли чиқаришда қўл келади.

Хуллас, янги «ақлли» кўзойнакдаги датчиклар буруннинг ҳолатини кузатиб туради. Фойдаланувчи бурнининг учини бармоғи билан чапга ё ўнгга сал бурганини, ушлаб қўйганини бу датчиклар дарров сезади ва тегишли буйруқларни смартфонга юборади.

«ItchyNose» деб номланган мазкур тизим туфайли, ихтиро муаллифларининг фикрича, замонавий қурилмаларни қўллашдаги ноқулайликни камайтиради. Масалан, иш юзасидан бўлаётган суҳбат чоғида, йиғилишларда смартфонга қўнғироқ бўлиб қолди, дейлик. Уни чўнтакдан чиқариб, овозини ва вибрациясини ўчириб, қайтариб солиб қўйиш ўрнига, буруннинг учини сал ушлаб қўйиш – анча қулай ва атрофдагиларнинг диққатини бўлмайдиган ҳаракатдир.

Бироқ айни дамда мазкур «ақлли» кўзойнакдан фойдаланиш имкониятлари чекланган. Масалан, у смартфонни тўлиқ ва аниқ бошқаришга ҳозирча ярамайди. Аммо яқин келажакда мазкур технологияни ривожлантиришдан умид қилса бўлади.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, улар ҳозирда бурунга беихтиёр ва атайин тегинишларни фарқлашни тизимга ўргатишмоқда. Шунингдек, аниқ ишлаши учун қурилма аниқ бир кишининг – смарт-кўзойнак эгасининг бурун тузилишига, ҳаракат хусусиятларига мослашиши ҳам керак бўлади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.