Snapdragon 835 маълумот узатишда Huawei процессорига мағлуб бўлди

Snapdragon 835 маълумот узатишда Huawei процессорига мағлуб бўлди

Шу йилнинг октябрида тақдим қилинган Huawei Mate 10 Pro флагмани «нейронли процессор»га эга деган маркетинг атамаси билан алоҳида эътироф этилган эди. Унинг бортида сўнгги илғор технология, яъни "сунъий интеллект" омили татбиқ қилинган Kirin 970 чипсети ўрнатилган.

Huawei компанияси ўз процессорини ҳозирги флагман чиплардан қолишмаслигини бир неча марта айтган эди. Куни кеча Kirin 970 маълумотлар узатишда Snapdragon 835 флагманини ортда қолдирди. Натижада, Huawei Mate 10 Pro рақиблари орасида маълумот узатишда тенгсиз экани аён бўлди. Бу тўғрида GizChina нашри маълумот тарқатди.

Huawei Хитой тармоқларида тарқатган Speedtest имтиҳон жараёни акс этган суратга кўра, Mate 10 Pro сониясига 1039,61 мегабит маълумот узатган. Snapdragon 835'нинг бу борадаги натижаси секундига 1 гигабит (1000 мегабит) эди.

Ўқинг: Huawei "сунъий онг"ли Mate 10 флагманларини тақдим қилди

Компания раҳбари Ричард Юнинг хабар беришича, Kirin 970 алоқа сигналиги манбадан узоқда туриб ҳам, жумладан ер ости йўлларида ҳам осон ва тез ушлайди ҳамда алоқанинг узилишига йўл қўймайди.

«Нейронли процессор»
Kirin 970 чипи 2,8 ГГц частота тезлигига эга. 8 ядроли (4x Cortex A73 ва 4x Cortex A53) бу процессор маълумотларни 10 нанометрли техник жараёнда қайта ишлайди.

Kirin 970 процессорида алоҳида NPU (Neural Processing Unit) деб номланган блок мавжуд. Бу қисмга жорий қилинган "сунъий идрок" технологияси ёрдамида смартфон "ақлли машина"га айланади ва қатор илғор функцияларни бажаради. Мисол учун, бу технология смартфонга фотосуратдаги буюмларни таниб олиш, олинган суратларни сифатли қилиб қайта ишлаш каби вазифаларни бажаради. Истиқболда Huawei ҳар бир смартфонига бу технологияни татбиқ қилмоқчи.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!