Sony 150 мегапикселли камера сенсорини яратмоқда

Sony 150 мегапикселли камера сенсорини яратмоқда

Sony’нинг камера матрицасидаги мегапикселлар сони 2016 йилда 3 хоналик рақамларда ифода қилина бошланди. Яъни, компаниянинг IMX211 датчигининг мегапикселлар қамрови 100’га тенг. Ўртача катталикдаги камера сенсори айни пайтда Phase One XF 100MP профессионал камерасига ўрнатилган. Жорий йилда IMX211 сенсорининг оқ-қора суратга олувчи талқини намойиш қилинади.

2018 йилда эса янада такомиллашган матрица — IMX461 камера сенсори тақдим этилади. Унда асосий эътибор ёруғлик қамровини кенгайтиришга қаратилиб, камера модули махсус оптик ва технологик элементлар билан бойитилади. Натижада, ёруғлик етишмайдиган шароитда ҳам деталларга бой сурат олиш мумкин бўлади. 150 мегапикселли IMX411 датчиги рангли ва оқ-қора суратга олувчи версияларда тақдим этилади.

Бундай камера нимага керак?
Янги сенсор юқори сиғимли суратлар олиш ва ундаги керакли қисмни яқинлаштириб, батафсил кўриш имконини беради. Sony бу камера модулини микроскоп, дронлар орқали юқоридан тасвирга олиш ва бошқа технологияларда фойдаланишни тавсия қилмоқда. 150 мегапикселли матрица айниқса, катта ҳудудларни эгаллаган майдонда видео кузатув тизимини йўлга қўйиш учун айни муддао.

Canon 2015 йилда тажриба лойиҳаси сифатида тақдим қилган 250 мегапикселли сенсор ҳали ҳам тижорат мақсадларида татбиқ қилинмаганини ҳам унутиш керак эмас. Кўрамиз, эҳтимол жаҳоннинг 1-рақамли “электрон кўз” ишлаб чиқарувчиси бўлган Sony бу ишни уддалар.