Sony 30 миллион донадан зиёд PS4 приставкалари сотилганини маълум қилди

Sony 30 миллион донадан зиёд PS4 приставкалари сотилганини маълум қилди

25 ноябрь куни Sony Computer Entertainment Inc. компанияси томонидан эълон қилинган матбуот релизида маълум қилинишича, PlayStation ўйинлари приставкасининг 8 авлоди – PS4 қурилмаси дунё миқёсида 30.2 миллион донадан зиёд сотилган.

2013 йилнинг февраль ойида илк маротаба намойиш қилинган PlayStation 4 ўша йили 399 АҚШ доллари баҳосида сотувга чиқарилган. Бугунда унинг халқаро бозордаги нархи 50 АҚШ долларига арзонлашган.

Жорий йилнинг 27 ноябрь куни ўтадиган “қора жума” арзонлаштирилган савдолари муносабати билан,  Америкада PS4’нинг бир неча электрон ўйинлар жамланмаси билан бирга 300 АҚШ долларидан (Канадада 369 АҚШ доллари) сотилиши маълум қилинган. Айни кунда бу қурилма жаҳоннинг 124 мамлакатида савдога чиқарилган.

Шу билан бирга, мазкур приставкага мўлжалланган ўйинларнинг сотув ҳажми ҳам юқори даражада. PS4 тақдим этилганидан бошлаб дунё бўйлаб 81,8 млн. нусха мазкур турдаги ўйинлар сотилган.

PS4 сотилиши бўйича рақобатчилари орасида етакчи ҳисобланади. У 2014 йилнинг август ҳолатида 10 миллион, 2015 йилнинг март ҳолатида 20 миллион дона сотилган эди. Компьютер ўйинлари қурилмаси ҳар ойда ўртача 1.2 миллион донадан сотилган.

Маълумотларга кўра, PS4’нинг рақобатчиси Microsoft компаниясининг 2013 йилнинг ноябридан сотила бошланган Xbox One приставкасидан бугунгача 10 миллион дона сотилган. Қурилманинг АҚШдаги баҳоси 499 $, Европада эса 499 €’ни ташкил қилади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Sony Computer Entertainment Inc. компаниясига 1993 йилнинг 16 ноябрида Токиода “PlayStation отаси” лақабини олган Кэн Кутараги томонидан асос солинган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.