Sony бирданига иккита смартфон тақдим этди

Sony бирданига иккита смартфон тақдим этди

Sony Mobile Ҳиндистонда ўзининг Xperia R1 ҳамда Xperia R1 Plus русумли смартфонларини намойиш қилди. Уларнинг савдоси ноябрнинг биринчи ярмида бошланади, дея хабар беради Fone Arena нашри.

Ушбу иккала гаджет ҳам Qualcomm Snapdragon 430 чипи базасида ишлайди. Мазкур процессор такт частотаси 1,4 ГГц бўлган саккизта ARM Cortex-A53 ядроси ҳамда Adreno 505 график тезлатгичини ўз ичига олган. LTE Cat 4 модеми эса 150 Мбит/сониягача тезликда маълумот алмашиш имконини беради.

Xperia R1 ва унинг «плюсли» талқини 1280×720 пикселли сиғимга эга, HD 2.5D сифатли дисплей билан жиҳозланган. Экран ўлчами диагоналига 5,2 дюймни ташкил этади. Смартфонлар корпусининг орқа панелида 13 мегапикселли, олд қисмида эса 8 мегапикселли камералар ўрнатилган.

Sony’нинг мазкур девайслари Wi-Fi 802.11b/g/n ҳамда Bluetooth 4.2 модуллари, шунингдек GPS/ГЛОНАСС приёмнигига эга. Улар ҳам USB Type-C порти, ҳам стандарт 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши билан жиҳозланган. Смартфонларга 128 гигабайтгача ҳажмли microSD-карта ҳамда иккита nanoSIM-карта қўйиш имкони мавжуд.

Гаджетларнинг ўлчамлари 146×73,2×8,89 миллиметрни, вазни эса 154 граммни ташкил этади. Xperia R1 ҳамда Xperia R1 Plus моделлари 2620 мА/соат сиғимли аккумулятордан қувват олиб ишлайди.

Янги смартфонларда Android 7.1 Nougat операцион тизим талқини қўлланган; уларни Android 8.0 Oreo талқинигача янгилаш имкони ҳам мавжуд.

Бу иккала моделнинг ўзаро фарқи уларнинг тезкор ва ички хотирасида, шунингдек, нархидадир. Sony Xperia R1 русумли девайс тегишлича 2/16 гигабайтли тезкор ва доимий хотирага эга бўлса, «плюсли» моделда бу кўрсаткичлар 3/32 гигабайтга тенг. Sony компанияси Xperia R1 учун 215 АҚШ доллари, Xperia R1 Plus учун эса 245 АҚШ доллари миқдорида нарх белгилаган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.